Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ ТАШҚИ ҚАРЗИ

ДАВЛАТ ТАШҚИ ҚАРЗИ – давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш натижасида вужудга келган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг йиғиндиси. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси келгуси молия й. учун Давлат бюджетини қабул қилаётганда д.т.қ.нинг энг юқори миқдорларини тасдиқлайди.

Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилишга оид ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан амалга оширилади.

Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш:

1) иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, шу жумладан, давлат инвестиция дастурларини молиялаштириш;

2) Давлат бюджети даромадлари б-н харажатлари ўртасида тушумлар вақтга кўра мувофиқ эмаслиги туфайли келиб чиққан йиллик ички тафовутни тўғрилаш;

3) мавжуд қарзни қайта молиялаштириш;

4) бюджет тақчиллигини молиялаштириш;

5) табиий офат ёки бошқа фавқулодда вазиятлар туфайли маблағларга бўлган эҳтиёжларни қоплаш мақсадида амалга оширилиши мумкин.

Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилишда қарз мажбуриятларининг қуйидаги турларидан фойдаланилади:

1) қисқа муддатли (бир й.гача бўлган даврга чиқариладиган), ўртача муддатли (бир й.дан беш й.гача бўлган даврга чиқариладиган) ва узоқ муддатли (беш й.дан ортиқ даврга чиқариладиган) давлат қимматли қоғозлари;

2) кредитлар (қисқа муддатли, ўртача муддатли ва узоқ муддатли);

3) Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари;

4) бюджет даромадлари б-н харажатлари ўртасидаги вақтинчалик тафовутни қоплаш учун қисқа муддатли ссудалар;

5) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турлар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат томонидан амалга оширилган барча маблағ жалб қилишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ахборот тақдим этади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган давлат қарзига хизмат кўрсатувчи ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш бўйича ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида ва тўғри юритилиши устидан назоратни амалга оширувчи агент вазифасини бажаришлари юзасидан банклар, молия ташкилотлари б-н шартномалар тузиши мумкин. (муал. – Л.Хван)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига