ДАВЛАТ ТИЛИ – муайян мамлакатда қонун чиқариш, ижроия ва суд ҳокимиятларида иш юритиш учун расмий белгиланган тил. Одатда кўп миллатли мамлакатларда, мас., Ҳиндистон, Канада, Швейцарияда қайси тил ёки тиллар расмий эканлиги конс.да белгилаб қўйилган. Давлатларнинг кўпчилигида расмий тил мақоми б-н Д.т. айнан бир хилдир. Фақат айрим мамлакатлардагина расмий тил мақоми Д.т. мақомидан фарқланади. Мас., Швейцарияда конс.га биноан немис, француз, итальян тиллари – расмий тил; немис, француз, итальян ва ретороман тиллари – Д.т. саналади. Ўзбекистонда шўролар ҳукмронлиги пайтида Д.т. ҳақида умуман фикр юритиш мумкин бўлмаган, аксинча ўзбек тилининг ижтимоий ҳаётда қўлланилиши чекланиб қолганди. Мустақилликка эришиш арафасида ЎзР “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди (1989 й. 21 окт). Бу қонун ўзбек халқи миллий онгининг ривожланишида, мамлакат мустақиллиги мустаҳкамланишида, маданий мероснинг тикланишида муҳим роль ўйнади. Мазкур қонун қоидалари Конс.да мустаҳкамлаб қўйилди. Конс.нинг 4-м.га биноан Ўзбекистонда Д.т. – ўзбек тилидир. Қорақалпоғистонда бундай мақом қорақалпоқ тилига берилган. Мамлакатда юз бераётган реал жараёнлар ва имкониятларни ҳисобга олиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини узил-кесил жорий этишни босқичма-босқич амалга ошириб бориш вазифаси тил ислоҳоти б-н боғлиқ масалаларга зарур тузатишлар киритиш эҳтиёжини туғдирди. Республика ҳали собиқ Иттифоқ таркибида бўлган ва маданий–маънавий соҳада ўзига хосликни мустаҳкамлашга интилган бир шароитда қабул қилинган Д.т. ҳақидаги қонуннинг кўпгина м.га ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишни тақозо этди. Натижада 1995 й. 22 дек.да Ўзбекистон Республикасининг Д.т. ҳақидаги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасида Д.т.ни ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит яратилади ҳамда миллатлар ва эллатларнинг тилларига иззат–ҳурмат б-н муносабатда бўлиш, уларнинг ривожланиши таъминланади. Д.т.ни ўқитиш бепул амалга оширилади (4-м.). Д.т.га ёки (бошқа тилларга менсимай ёки хусумат б-н қараш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар (24-м.). Мамлакатда демократик, байналмилал тамойилларга риоя қилиниб, ҳар бир миллат ва элатнинг эркин ривожланиши, уларнинг тил мустақиллиги ва тенглиги таъминланган. Таълим–тарбия ишлари ўзбек тилидан ташқари тожик, рус, қозоқ, корейс, туркман. қирғиз тилларида ҳам амалга оширилади. Миллий марказларнинг фаолияти учун етарли имконият яратилган. Шахсга миллати, ирқи, тили, урф–одат ва анъаналарига қараб бирор имтиёз бериш ёки шу важдан ҳуқуқларини чеклаш жавобгарликка сабаб бўлади. (муал. – Ғ.Абдумажидов)