ДАВЛАТ ҚЎРИҚХОНАСИ – алоҳида илмий ёки маданий–маърифий аҳамиятга эга бўлган ноёб ва қимматбаҳо ҳайвонлар ҳамда ўсимликлар жойлашган ноёб табиий мажмуалар. Шу нуқтаи назардан қараганда д.қ.ларининг ер участкалари ўзида алоҳида режимдаги ердан фойдаланишни ифода этади. Д.қ.лари ўз олдига оддий ва ноёб табиий мажмуалар, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ирсий фондларини сақлаб қолиш ва ўрганиш, табиий жараёнлар ва ҳодисалар ўзгариши устидан мониторинг ўтказиш мақсадини амалга ошириш учун ажратилган ер участкасидаги табиатни муҳофаза этувчи илмий тадқиқот муассасасидир. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларнинг нодир ва тугаб бораётган турларини сақлаб қолиш ва кўпайтиришда д.қ.ларининг роли алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатимизда алоҳида қўриқланадиган ўн битта табиий-ҳудудий объект, шу жумладан, 9 та қўриқхона: Чотқол тоғ-ўрмон, Пайғамбаророл, Қизилқум, Бодай тўқай, Нурота, Зарафшон, Ҳисор, Варганза, Кўҳитангтоғ, Китоб қўриқхоналаридир. Д.қ. ерлари ҳуқуқий ҳолатидаги ўзига хос асосий хусусият ушбу ерларнинг тўлалигича хўжалик оборотидан олиб қўйилганлиги ҳисобланади. Д.қ.нинг ўзи ҳам табиий ресурсларни ишлатиш, табиатнинг табиий ҳолатини бузувчи, ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришдан бошқа ҳаракатларни содир қилиш ҳуқуқига эга эмаслар. (муал. – Н.Ражабов)