ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ НАЗОРАТИ – ЎзР Давлат ветеринария хизмати бошқарув идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг ҳайвонлар касалликларининг, ветеринария қонунлари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва тўхтатиш орқали ҳайвонот маҳсулотларининг ветеринар жиҳатдан хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган фаолияти. Ветеринария – ҳайвонларни касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, ишлаб чиқариш ва аҳолининг юқори сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, одамларнинг ҳайвонга ҳам, инсонга ҳам хос касалликларга чалинишининг олдини олиш, шунингдек, табиий атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ветеринария–санитария муаммоларини ҳал этишга доир давлат, жамоат, хўжалик ва махсус ветеринария тадбирлари мажмуидан иборатдир.
ЎзРда давлат ветеринарияси, идоравий ва хусусий ветеринариялар амал қилади.
Давлат ветеринария хизматини ЎзР Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг давлат ветеринария бошқармалари, туманлар, вилоят ва туман бўйсунувидаги ш.ларнинг давлат ветеринария бўлимлари, уларнинг қарамоғидаги ҳайвонлар касалликларига қарши кураш станциялари (туман ветеринария станциялари), диагностика марказлари, ветеринария шифохоналари, лабораториялари, экспедициялари, ҳайвонлар касалликларига қарши кураш отрядлари, бозорлардаги ветеринария–санитария экспертизаси лабораториялари ва давлат ветеринария тармоғининг бошқа ташкилот ва муассасалари амалга оширадилар.
Жойлардаги давлат ва идоравий ветеринария бўлинмаларининг тузилиши ва миқдори чорвачиликнинг ривожланиш хусусиятларини, қушхона ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарининг жойлаштирилишини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади ҳамда бош давлат ветеринария нозирлари б-н келишилган ҳолда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан белгиланади.
Давлат ва идоравий ветеринария хизмати муассасалари қошида қонунларга мувофиқ шартнома асосида ветеринария хизмати кўрсатадиган қўшма корхоналар, кооперативлар ва б. хўжалик ҳисобидаги бирлашмалар тузилиши мумкин. (муал. – Ҳ.Бобоев)