ДАВЛАТ ЗАЁМИ ШАРТНОМАСИ – давлат заёми шартномаси бўйича давлат қарз олувчи, фуқаро ёки юридик шахс эса қарз берувчи бўлади. Давлат заёмлари ихтиёрийдир. Д.з.ш. қарз берувчининг қарз олувчидан унга қарзга берилган пул маблағларини ёки заём шартларига боғлиқ ҳолда, бошқа мол-мулкни, белгиланган фоизларни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни заёмни муомалага чиқариш шартларида назарда тутилган муддатларда олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган давлат облигациялари ёки бошқа давлат қимматли қоғозларини қарз берувчининг сотиб олиши йўли б-н тузилади. Муомалага чиқарилган заёмнинг шартларини ўзгартиришга (заёмни конверсиялаш), вазият жиддий ўзгариши муносабати б-н шартномани ўзгартириш ва бекор қилишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Давлат заёми шартномаси бўйича давлат ФК қоидаларига мувофиқ жавобгар бўлади. (муал. – И.Зокиров)