ДАВЛАТГА ХОИНЛИК ҚИЛИШ – моҳиятига кўра сотқинлик ҳаракати. ЎзР фуқаросининг давлатимизнинг ташқи душманлари бўлган чет эл давлати, чет эл ташкилоти ёки унинг вакиллари б-н бирлагикдаги ЎзР суверенитети, ҳудудий дахлсизлиги, мудофаа қобилияти, иқтисодиётига зарар етказишга қаратилган фаолият. Мазкур фаолият жосуслик, чет эл давлати, чет эл ташкилоти ёки унинг вакилларига ЎзРга қарши душманлик фаолиятини амалга оширишда давлат сирларини етказиш ёки бошқача ёрдам бериш шаклида амалга оширилади. Давлатга хоинлик қилиш ЎзР фуқароси ва чет эл давлати ёки ташкилотининг вакиллари б-н биргаликдаги ЎзРга қарши махсус иштирокчилигини ифода этади. Мазкур ҳолатда асосий хавф ташқаридан, яъни, чет эл давлати ёки чет эл ташкилоти томонидан келиб чиқади, ЎзР фуқароси эса республиканинг ташқи душманларига ёрдам бериб, бу б-н ўз давлатига хоинлик қилади ва манфаатларига хиёнат қилади. Бунда чет эл давлати ёки чет эл ташкилоти бўлиб расмий (ҳукумат делегацияларининг аъзолари, Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарнинг ходимлари, чет эл махсус хизматларининг ходимлари, чет эл ёки халқаро ноҳукумат делегацияларнинг аъзолари ва б.) шахслар, шунингдек, уларнинг топшириғини бажарувчи бошқа шахслар бўлиши мумкин(ЖК 157-м.). (муал. – Б.Ахроров)