ДАВОМЛИ ЖИНОЯТ – ЖКнинг 32-м.га кўра, бир мақсадга эришиш учун бир-бирига ўхшаш бир неча ҳаракатдан иборат бўлган жиноят. Д.ж. умумий қасд б-н қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилувчи бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлардан иборат. Бундай қилмишларнинг ўзига хос хусусияти уларнинг доимий равишда эмас, балки мустақил жиноят характерида бўлмаган, битта жиноий қилмишнинг амалга оширилиши, давом эттирилиши босқичини ифодалайдиган муайян вақт давомида қайта такрорланувчи ҳаракатлар бўлиб ҳисобланишидадир. Д.ж.нинг алоҳида кўриниши мустақил жиноят характерига эга бўлмаса, мустақил тавсиф этилмайди; унинг йиғиндиси бир марталик жиноят сифатида қаралади. Д.ж. айбдорнинг муайян жиноий натижага эришишга қаратилган умумий, ягона қасдида мужассамлаштирилган бир турдаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши б-н тавсифланади. Мас., шаън ва қадр–қимматни муттасил равишда камситиш йўли б-н ўзини–ўзи ўлдириш даражасига етказиш (ЖК 103-м.); муттасил равишда дўппослаш йўли б-н қийнаш (ЖК 110-м.); мунтазам хўрлаш йўли б-н ҳарбий хизматчилар ўртасидаги устав қоидаларини бузиш (ЖК 285-м.) ва б.. Д.ж.да шахс жиноий ҳаракатларининг алоҳида кўринишлари ўртасида шахс жиноий ҳулқининг объектив ва субъектив белгиларга кўра, турли вақтда босқичма–босқич амалга ошириладиган бошланган жиноятнинг ўзига хос босқичи, давоми сифатида акс этишидан гувоҳлик берувчи яқин алоқа мавжуд бўлади. Д.ж. юридик нуқтаи назардан ягона жиноятдир. Д.ж. биринчи жиноий тажоввузнинг амалга оширилиши пайтидан бошланади ва охиргиси б-н тугалланади. Бир хил бўлса–да, бир қанча алоҳида ҳаракатларнинг амалга оширилишига қарамай, у ягона жиноят деб топилади. Мас., айбдор корхонадан телевизорни ўмариш мақсадида ўтиш дарвозасидан ҳар доим битта қисмдан олиб чиқади. У детални навбатдаги олиб чиқиши пайтида қўлга олинса, қилмиш такроран талон–тарож қилишни ташкил этмайди, чунки детал биттадан 50 марта олиб чиқилган тақдирда ҳам, ягона қасд – телевизорни ўғирлаш б-н қамраб олинган. Давомли жиноятда муайян жиноий натижага йўналтирилиши сабабли, бу натижага эришилмаган тақдирда, суиқасд сифатида тавсифланади. (муал. – Б.Ахроров)