ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ – оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи ва сотувчи хўжалик ҳуқуқининг субъектидир. Д.х. фаолияти “Д.х. тўғрисида”ги Қонун б-н тартибга солинади. Д.х. д.х. аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин. Д.х. ихтиёрийлик асосида тузилади ҳамда у давлат рўйхатига олинганидан ва унга белгиланган тартибда ер участкаси берилганидан кейин ташкил этилган ҳисобланади. Ер участкаси бериш тўғрисидаги ариза сўралаётган ер участкасининг жойлашган жойи, майдони, д.х.нинг таркиби ҳамда ер участкасидан белгиланган мақсадда фойдаланиш кўрсатилган ҳолда қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкат хўжалигининг) бошқарувига ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги ёки ўрмон хўжалиги корхонаси, муассасаси ва ташкилотининг маъмуриятига берилади Д.х. ўз фаолиятида ёлланма меҳнатдан доимий асосда фойдаланиши мумкин эмас. Д.х. бошлиғи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилган оила бошлиғи ёки оиланинг муомалага лаёқатли аъзоларидан биридир. Д.х.ни давлат рўйхатига олиш д.х.ни доимий яшаш жойидаги туман ҳокимлиги томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарур ҳужжатлар б-н биргаликда ариза берилган пайтдан эътиборан уч кун ичида амалга оширилади. Д.х.га ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади. (муал. – Н.Ражабов)