ДЕБИТОР (фуқаролик ҳуқуқида) – қарздор бўлиб, зиммасида муайян ҳаракатларни қилишга, мас., олди–сотди мажбуриятларида – товарларни етказиб беришга, пул мажбуриятларида – пулни топширишга, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги мажбуриятларда – ишни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга мажбур бўлган тараф. Д. мажбурият–ҳуқуқий муносабатларнинг мустақил тарафидир. Мажбуриятда Д. сифатида бир ёки бир пайтнинг ўзида бир неча шахс иштирок этиши мумкин. Агар тарафлар шартномага кўра бир-бирларига нисбатан мажбуриятли бўлса, тарафлардан ҳар бири бошқа тараф олдида унинг фойдасига нима қилиши шарт эканлиги жиҳатидан унинг қарздори ва бир пайтнинг ўзида ундан нима талаб қилишга ҳуқуқли эканлиги жиҳатидан унинг кредитори ҳисобланади. (муал. – Р.Алимова)