ДЕМОКРАТИЯ (юнонча demos – халқ ва kratos – ҳокимият) – замонавий тушунишда халқ ҳокимияти, фуқароларнинг эркинлиги ва тенглиги, инсон ҳуқуқларининг бегоналаштирилмаслиги (дахлсизлиги) принципларига асосланган давлат тузилиши шакли. Д. давлат сиёсий тузилиши давлат пайдо бўлган вақтда (қадимги Афина) юзага келган. Замонавий жамиятда Д. озчилик ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ҳолда кўпчилик ҳокимиятини, асосий давлат органларининг сайланишини амалга оширилишини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг мавжудлигини, уларнинг тенг ҳуқуқлилигини, қонун устуворлигини, конституционализмни, ҳокимиятларнинг тақсимланишини англатади. Бевосита Д.да асосий қарор, референдум, йиғинларда ва ш.к. барча аҳоли томонидан қабул қилинади, вакиллик Д.си қарорни сайланадиган муассасалар–парламентлар ва б. қабул қилади. Д. тартиботлари ҳуқуқий давлатда тўлароқ ривожланишга эга бўлади. ЎзР Конс.нинг 1-м.да Ўзбекистон – суверен демократик республика эканлиги мустаҳкамланган. (муал. – Ҳ.Бобоев)