ДЕПУТАТНИНГ СЎРОВИ – вакиллик муассасаси депутатининг давлат бошқарув органига ёки мансабдор шахсга мазкур вакиллик муассасаси ваколатига кирадиган масала бўйича ахборот ва тушунтиришлар бериш талаби б-н мурожаати. Вакиллик органининг ўзига ҳисобот берувчи органлар фаолиятини назорат қилиш шаклларидан бири. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги қонунларига кўра Олий Мажлис палаталари аъзолари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби б-н парламент сўрови йўллашга ҳақли. (муал. – Ш.Зулфиқоров)