ДИСКОНТИНУИТЕТ (инглизча discontinuity – узвийликнинг йўқлиги) – парламент ишининг қоидаси, унга кўра мазкур сессия вақтида парламентга киритилган барча қонун лойиҳалари у тугагунга қадар тасдиқланиши керак, қонун лойиҳаси муҳокамасини ва овоз беришни навбатдаги сессияга ўтказишга йўл қўйилмайди. Д. парламентнинг ҳар бир сессияси унинг фаолиятининг ташкилий якунланган қисми деб ҳисобланадиган мамлакатларда (мас., Буюк Британия, АҚШ) қўлланилади. Бошқа мамлакатларда Д. қўлланилмай, парламент узлуксиз ишлайди деб ҳисобланади. Д.дан ҳукмрон партиялар мухолифлар депутатларини қонунчилик ташаббусида деярли маҳрум қилиш мақсадида фойдаланади, чунки палаталар регламентида бундай вақтда номақбул қонун лойиҳасини у қабул қилинмаслиги учун сессия охиригача унга киритмай сақлаб туриш кифоядир. (муал. – О.Муҳаммаджонов)