Yangi hujjatlar

ДОТАЦИЯ

ДОТАЦИЯ (лотинча dotatio – совға) – 1) фуқароларга ва ташкилотларга зарарни қоплаш учун ёки бошқа мақсадларда ажратиладиган давлат ёрдами; қўшимча тўлов; 2) маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини олинган даромадлари қопламайдиган корхонага ушбу харажатларни қоплаш, шунингдек, аҳолига сотиладиган айрим товарларнинг чакана нархини нисбатан паст даражада ушлаб туриш учун бюджетдан ажратиладиган пул маблағлари суммаси; 3) қуйи ҳудудий даражада минимал бюджетни шакллантириш учун ажратилган ва тартибга солувчи харажатлар етишмаган тақдирда юқори даражадаги бюджетдан ажратиладиган пул суммаси. Д.ни ажратиш бепул ва қайтарилмас асосда бюджет бошқаруви тартибида амалга оширилади, ундан фойдаланиш эса мақсадли йўналишга эга эмас. Бюджетни тартибга солишнинг ушбу усули бир қанча камчиликларга эга бўлиб, бунга бюджетларда назарда тутилган тадбирларни маблағ б-н узлуксиз таъминлаб туриш учун жойларда бюджетлардан қўшимча даромадларни йўналтиришда давлат ҳокимияти маҳаллий органлари манфаатдорлиги ва молия органлари жавобгарлиги пасайишини киритиш мумкин. Бундан ташқари, д. қуйи бюджетнинг ижросини юқори бюджетга –даромадларнинг тўлиқ ва ўз вақтида келиб тушишига қарам қилиб қўяди, мана шу даромадлар ҳисобидан дотация суммалари ўтказилади. Шу боисдан бюджетни тартибга солиш усули сифатида д. фақат шундагина қўлланадики, унинг ҳудудида йўналтириладиган барча тартибга солувчи даромадлар қуйи бюджетга берилаётганида бириктирилган ва тартибга солувчи даромадлар умумий суммаси режалаштирилган барча харажатларни қопламаган, яъни бюджетни дефицитсиз мувозанатлаштиришнинг барча усуллари тугаган бўлса берилади. (муал. – Л.Хван)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига