ЕР ҚАЪРИНИ ГЕОЛОГИК ЖИҲАТДАН ЎРГАНИШ – ЎзР ҳудудини минтақавий геологик жиҳатдан ўрганишни, фойдали қазилма конларини аниқлаш, чамалаш ва қидиришни, улардаги заҳираларнинг миқдори ва сифатини, уларнинг технологик хоссаларини ва иқтисодий аҳамиятини, шунингдек, ер қаърининг бошқа хоссаларини белгилашни ўз ичига оладиган, ер қобиғи геологик тузилишининг хусусиятларини аниқлашга доир махсус тадқиқот ишлари мажмуи. ЎзРнинг «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24-м.да, е.қ.г.ж.ў.га қўйиладиган асосий талаблар белгиланган. Е.қ.г.ж.ў.ни амалга ошираётган ер қаъридан фойдаланувчилар: ер қаъри геологик ўрганилишининг, қидириб топилаётган конларни, фойдали қазилмалар қазиб олиш б-н боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун, шунингдек, зарарли м., радиоактив чиқиндилар ва ишлаб чиқариш чиқитларини кўмиш учун фойдаланишга бериб қўйиладиган ер қаъри участкаларини ишга солишнинг кончилик-техника, геологик-иқтисодий ва б. шарт-шароитларининг беками-кўстлигини; асосий қазилма ҳамда у б-н бирга жойлашган фойдали бирикмалар ва уларнинг таркибидаги компонентларнинг, техноген ҳосилаларнинг миқдори ва сифати аниқ белгиланишини, кон устида ётган ҳамда сиғдирувчи жинслардан ишлаб чиқаришда ва ерларни қайта тиклаш ишларини бажаришда фойдаланиш учун ана шу жинсларнинг хоссалари тадқиқ этилишини, минерал хомашёнинг радиация–гигиена жиҳатидан баҳоланишини; ер қаърини геологик ўрганиш бўйича ишларнинг фойдали қазилмалар асоссиз нобуд бўлиши ва сифати пасайишини истисно этувчи усул ва йўсинларда олиб борилишини; ер қаъридан қазиб чиқарилаётган тоғ жинслари ва фойдали қазилмаларни уларнинг табиий атроф муҳитга зарарли таъсирини истисно этадиган тарзда жойлаштириш учун участкалар ўрганилиши ва танланишини; конларни ишга солишда ва б. ишлаб чиқариш ҳамда хўжалик мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлган қидирув ишлари учун олиб борилган кон қазилмалари ва бурғиланган қудуқларнинг сақланишини, фойдаланилмайдиган кон қазилмалари ва қудуқлар белгиланган тартибда кўмиб йўқ қилинишини; ер қаърини келгусида ўрганишда, фойдали қазилма конларини қидириш ва ишга солишда, шунингдек, ер қаъридан фойдали қазилмалар қазиб олиш б-н боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланишда қўлланилиши мумкин бўлган геологик ва техникавий–ижро ҳужжатлари, тоғ жинслари ва рудаларнинг намуналари, керн, фойдали қазилма намуна нусхаларининг сақланишини; ишдан чиқаёзган ерларнинг кейинчалик улардан фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилишини таъминлашлари шарт. (муал. – М.Усмонов)