Yangi hujjatlar

ЕР СОЛИҒИ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР

ЕР СОЛИҒИ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР – ер солиғи ундирилмайдиган ёки ердан фойдаланганлик учун солиққа тортилмайдиган айрим тоифадаги ер участкалари ҳамда маълум гуруҳ юридик ва жисмоний шахсларга берилган ҳуқуқлар. Юридик шахсларнинг ер солиғи тўлашдан озод этилиши маданият, маориф, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, хайрия жамғармалари хусусиятига эга бўлишлигида, жисмоний шахсларни эса ногирон, пенсионер, боқувчисини йўқотган бўлишлиги б-н изоҳлаш мумкин. Қуйидаги ер участкаларига солиқ солинмайди: 1) ш.лар, ш. посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерлари, яъни майдонлар, кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, ариқ тармоқлари, қабристонлар; 2) жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигининг, жамоа гаражларининг умумий фойдаланишдаги ерлари, яъни уларга суғориш тармоқлари, йўллар, коллекторлар ва б. умумий фойдаланишдаги ерлар киради; 3) табиатни муҳофаза қилиш аҳамиятига молик ерлар, яъни давлат қўриқхоналари, миллий ва дендрология боғлари, ботаника боғлари, заказниклар (ов қилишга мўлжалланганлари бундан мустасно), табиат ёдгорликлари, иҳота дарахтзорлари эгаллаган ерлар; 4) тарихий–маданий аҳамиятга молик ерлар, яъни тарихий–маданий қўриқхоналар, хотира боғлари, сағаналар, археология ёдгорликлари, тарих ва маданият ёдгорликлари эгаллаган ерлар; 5) сув фонди ерлари, яъни дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар, денгизлар, музликлар, ботқоқликлар, гидротехника ва б. сув хўжалиги иншоотлари эгаллаган ерлар; 6) электр узатиш линиялари, подстанциялар, умумдавлат алоқа линиялари ва уларнинг иншоотлари эгаллаган ерлар. Бунда ҳаво ва кабель электр линияларини қуриш учун ерлар қурилиш даврида вақтинча фойдаланиш учун ажратилади, электр линияларидан доимий фойдаланишга ерлар фақат 1000 вольтдан юқори кучланишли электр линияларининг устунлари, кабель электр линияларининг ер устидаги иншоотлари, кучланишни камайтирадиган подстанциялар, тақсимлаш ва секциялаш пунктлари б-н банд ер участкалари ажратилади. Электр линияси учун устун остидаги ер майдони амалда эгаллаб турган жойига унинг атрофидаги доирадан линия 2 киловаттдан 20 киловаттгача бўлса 1 метр қўшиб, кучланиш 35 киловаттдан 540 киловаттгача бўлса 2 метр қўшиб ҳисобланади. Кучланиши 1000 вольтдан кам бўлган электр линиялари учун устунлар эгаллаган жойлар солиқ солинадиган майдондан чиқариб ташланмайди. Электр линияси қуриш учун ажратилган ер участкаси қурилиш даврида ер солиғини тўлашдан озод қилинади. Фойдаланиш чоғида эса кучланиши 1000 вольтдан юқори бўлган электр линиялари устунлари банд қилиб турган ерлар, шунингдек, улардаги иншоотлар, подстанцияларнинг ўринлари солиқдан озод қилинади; 7) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, темир йўлларнинг умумий тармоғи, умумий фойдаланишдаги ш. электр транспорти, метрополитен ва уларнинг иншоотлари эгаллаган ерлар. Бу тоифа ерларга кўприклар, кьюветлар, йўл четидаги заҳира майдонлар, банкет кетидаги ариқлар, юқоридан сув чегириш каналлари, қияликларга ўрнатилган тўсиқлар, автобус бекатлари, йўл четларидаги тўхташ жойлари, трактор йўллари, пиёда ва велосипедчилар йўллари киради; 8) спорт иншоотлари, стадионлар, спорт майдончалари, сузиш ҳавзалари, спортнинг техник турлари объектлари ва б. жисмоний тарбия–соғломлаштириш комплекслари, оналар ва болаларнинг дам олиш ва соғломлаштириш жойлари, санаторий курорт муассасалари ва дам олиш уйлари, ўқув–машқ базалари эгаллаган ерлар; 9) магистрал сув қувурлари, нефть ва газ қувурлари, иссиқлик трассалари, магистрал канализация коллекторлари ва уларнинг иншоотлари, сув олиш ва тозалаш иншоотлари, шунингдек, сув таъминоти ва канализацияга тегишли бошқа объектлар эгаллаган ерлар. Сув таъминоти ва канализациянинг бошқа иншоотлари таркибига насос станциялари, кузатиш қудуқлари ва аҳоли пунктларидаги сув қувурлари ҳамда канализация тармоқларининг дюкерлари, сув кўтариш миноралари кабилар киради; 10) самолётларнинг учиш–қўниш майдонлари, шу жумладан, уларни ерда бошқариш йўлкалари ва тўхташ жойлари, фуқаро авиацияси аэропортларининг радионавигацияси ва электр ёритиш ускуналари жойлашган ерлар; 11) ишлаб чиқариш иншоотлари қурилиши учун ажратилган ва ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг қарори б-н қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилган ерлар; 12) гидрометеорология ва гидрогеология станциялари ҳамда постлари эгаллаган ерлар; 13) илмий ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик ва ўрмон фондидаги ерлари, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги илмий–тадқиқот ташкилотлари ҳамда ўқув юртларига қарашли тажриба, экспериментал ва ўқув–тажриба хўжаликларининг бевосита илмий ва ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган ерлари. Белгиланган тартибда тасдиқланган мавзулар бўйича илмий тажрибалар, экспериментал ишлари ўтказиш, янги навлар селекцияси ва б. илмий ва ўқув ишлари учун фойдаланилган экинлар ва дарахтлар б-н банд бўлган ерлар; 14) янги ўзлаштирилаётган ерлар ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари олиб борилаётган суғориладиган ерлар лойиҳада назарда тутилган муддатга, лекин ишлар бошланганидан эътиборан кўпи б-н беш й.га; 15) заҳира ерлар; 16) рекреацион аҳамиятга молик ерлар, яъни аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмни ташкил этиш учун тегишли муассасаларга берилган ерлар, ўрмон боғлари, боғлар, хиёбонлар, пляжлар; 17) соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар, яъни касалликни олдини олиш ва даволашни ташкил этиш учун қулай табиий омилларга эга бўлган ерлар; 18) якка тартибда уй–жой қуриш ва шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун қонунда белгиланган нормада берилган ерлар икки й. муддатга; 19) солиқ тўловчининг балансида бўлган ҳамда тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилмаётган фуқаролик ҳимояси ва сафарбарлик аҳамиятига молик объектлар эгаллаган ерлар. (муал. – М.Усмонов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига