ЕР ҲУҚУҚБУЗАРЛИГИ – ер ҳуқуқи нормаларига қарама–қарши бўлган айбли хатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизлик. Ердан фойдаланиш ҳуқуқи қоидаларини бузувчилар, яъни ҳуқуқбузарлик субъектлари бўлиб қишлоқ хўжалик корхоналари, давлат ва кооператив ташкилотлари, фуқаролар бўлиши мумкин. Давлат органлари, саноат корхоналари, бошқа ташкилотлар ҳам бу ҳуқуқбузарликнинг субъекти бўлишлари мумкин. Ҳуқуқбузарликнинг объекти бўлиб, аввало давлатнинг ерга бўлган мулкчилик ҳуқуқи; қишлоқ хўжалик ва б. корхоналарнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқи; ердан қонуний фойдаланиш тартиби ҳисобланади. Ердан фойдаланиш ҳуқуқининг бузилиши асосан шу санаб ўтилган ҳуқуқ ва манфаатларга қарши қаратилган бўлиб, шу ҳуқуқ ва манфаатларнинг амалга оширилишига тўсиқ бўлади. Ердан фойдаланиш ҳуқуқбузарлигининг мазмунини ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларга иқтисодий, моддий ва маънавий, экологик зарар етказишга қаратилган ҳуқуққа қарши айбли ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ташкил этади. (муал. – М.Усмонов)