ЕР ҲУҚУҚИ – ер ресурсларини эгаллаш, фойдаланиш ва тасарруф этиш, уларни муҳофаза этиш ва оқилона фойдаланиш бўйича муносабатларни тартибга солувчи комплекс ҳуқуқ тармоғи. Ерга оид ҳуқуқий муносабатлар мулкий, ишлаб чиқариш, экологик, иқтисодий, макон–базис ва шунга ўхшаш турли хил жиҳатлардан иборат бўлиши мумкин. Ер атрофида вужудга келган ва вужудга келиши мумкин бўлган муносабатларнинг аксарият қисмини ер ҳуқуқи тартибга солади. Ер ҳуқуқининг предмети – комплекс мулкий ва бошқарувга оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган ерга оид муносабатлардир. Е.ҳ.нинг мақсади – ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш учун ер муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш. Ер ҳуқуқи и-тлари – ер ҳуқуқининг бирон–бир йўналиши ёки масаласининг ечимини топиш ва муайян бир турдаги ер муносабатларини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий нормалар йиғиндиси. (муал. – М.Усмонов)