ЕР УЧАСТКАСИГА МЕРОС ҚИЛИБ ҚОЛДИРИЛАДИГАН УМРБОД ЭГАЛИК ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ деҳқон хўжалиги юритиш, якка тартибда уй–жой қуриш, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун бериладиган ер участкаларидан фойдаланиш бўйича муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий қоидалар йиғиндисидир. Бу ер участкалари қонуний мерос ҳуқуқи асосида ворисларга ўтади. Ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ЎзР фуқароларига деҳқон хўжалиги юритиш, уй–жой қуриш, жамоа боғдорчилиги б-н шуғулланиш мақсадларида 0,04 га дан то 0,35 га гача, суғориладиган ерларда, 0,50 га, лалми ерларда, чўл зоналарида эса 1,0 га гача берилади. ЎзР ЕКнинг 19-м.га кўра, фуқароларга ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи деҳқон хўжалиги юритиш, якка тартибда уй–жой қуриш ва уй–жойни ободонлаштириш, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун берилади. Фуқароларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати б-н тасдиқланади. (муал. – М.Усмонов)