Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 27 декабрь куни “2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” газетасида чоп этилди.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 29 ноябрда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2013 йил 13 декабрда маъқулланган.
Ушбу Баённома 2013 йил 31 май куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда имзоланган эди. Мазкур Баённомада Ўзбекистон ҳамда Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Шартнома иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар механизми баён қилинган.
Газета.уз сайти хабарига кўра, МДҲ давлатлари ўртасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Шартноманинг Ўзбекистон тўққизинчи иштирокчисига айланди. 2011 йил 18 октябрь куни МДҲнинг саккизта давлати мазкур шартномани имзолашган эди. Ҳозирча олтита давлатда – Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Молдова, Россия ва Украинада ушбу шартнома ратификация қилинган. Яна иккита давлат – Қирғизистон ва Тожикистон ҳозирча шартномани ратификация қилмаган.
2013 йил 24 декабрь куни “2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Россия Ҳукумати Комиссиясида тасдиқланди. Тез орада ушбу Қонун лойиҳаси Россия Федерацияси Ҳукумати мажлисида кўриб чиқилиши кутилмоқда.