ЕРЛАРНИНГ ШЎРЛАНИШИ – ернинг энг устки тупроқ қатламида сувда тез эрувчан тузларнинг йиғилиши жараёни. Унинг оқибатида тупроқдаги фойдали микроорганизмлар ва ўсимлик дунёси қирилиб кетади. Бундай ҳолат бирламчи шўрланиш – тупроқ ҳосил қилувчи она жинслар таркибида кальцийли, магнийли, сульфатли, натрийли, хлорли ва шунга ўхшаш тузларнинг бўлиши ва уларнинг буғланиши ҳамда биоген ва б. табиий жараёнлар орқали тузларнинг ер юзасида йиғилиши; иккиламчи шўрланиш – тупроқ сув режимини яхшилаш учун сунъий равишда ўзлаштириш (кўпинча суғориш) натижасида ернинг устки қатламида тузларнинг йиғилиб қолишидир. Ўзбекистонда 50 фоиздан ортиқ суғориладиган ерлар турли (паст, ўрта ва юқори) даражада шўрланган. (муал. – М.Усмонов)