Yangi hujjatlar

Эртага сайлов: энг муҳим саволларга жавоблар

Эртага сайлов.

Фуқароларимиз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиб, ўзлари учун муносиб деб билган номзодга овоз беришади.

Шу ўринда, муштарийларимизга сайлов, овоз бериш жараёнига оид маълумотларни яна бир бор эслатиб ўтишга қарор қилдик. Умид қиламизки, қонун ҳужжатлари асосида тайёрланган ушбу маълумотлар овоз бериш жараёнида турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга кўмак беради.

Овоз бериш қачон бошланади ва қачон тугайди?

Овоз бериш жорий йилнинг 4 декабрь, якшанба куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади.

Овоз бериш қаерда бўлиб ўтади?

Овоз бериш махсус ажратилган сайлов участкалари биносида ўтказилади. Уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак.

Яқин қариндоши номидан ҳам овоз бериш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди.

Сайлов бюллетени ким томонидан берилади?

Сайлов бюллетенларини тегишли сайлов комиссияси сайлов участкаси сайловчиларининг рўйхати асосида паспорт ёки бошқа гувоҳнома кўрсатилгач беради. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетени олгани ҳақида сайловчилар рўйхатидаги ўз фамилияси рўпарасига имзо чекади.

Соғлиғи туфайли сайлов участкасига бора олмайдиган фуқаролар қай тартибда сайловда қатнашиши мумкин?

Айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, участка сайлов комиссияси уларнинг илтимосига биноан комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади.

Агар фуқаро яшаш жойидаги сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган бўлса, нима қилиши керак?

Бирон-бир сабаб билан сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган сайловчилар шахсини ва яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритиладилар. Бунинг учун участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиш лозим.

Сайлов бюллетени қаерда тўлдирилади?
Овоз берувчилар сайлов бюллетенларини яширин овоз бериш учун ажратилган кабина ёки хонада тўлдирадилар. Бюллетенларни тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа бирон-бир кишининг ҳозир бўлиши тақиқланади.
Бюллетенни мустақил ўзи тўлдира олмайдиган шахслар нима қилиши керак?

Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссиясининг аъзоларидан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақли.
Жорий йилдан кўзи ожиз сайловчилар учун Брайл алифбосида махсус бюллетенлар чоп этилиши йўлга қўйилди.

Бюллетен қандай тўлдирилади?

Сайловчи сайлов бюллетенига, ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестик (плюс) қўяди. Плюсдан бошқача белгилар қўйиш мумкин эмас. Шунингдек, бошқа номзодларнинг фамилияси рўпарасидаги катак бўш қолиши лозим. Уларга бирон белги (масалан, минус, “икс” ва ҳ.к.) қўйиш мумкин эмас. Акс ҳолда сайлов бюллетени бузилган деб ҳисобланади.

Бюллетен бузилиб қолса, нима қилиш керак?

Сайлов бюллетенини турли сабабларга кўра бузиб қўйган сайловчилар бюллетенни яроқлисига алмаштириш участка сайлов комиссиясига мурожаат қилишлари лозим.

Бир сайловчи нечта овозга эга?

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга.

Сайлов куни бирон номзодни қўллаб-қувватлаб ташвиқот қилиш мумкинми?

Сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.

Сайловда қатнашиш мажбурийми?

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашадилар. Бироқ фуқаролик бурчидан келиб чиқиб, барча юртдошларимизни ўз хоҳиш-иродасига кўра, сайловларда фаол иштирок этишга чақирамиз.

Сайлов натижалари қачон эълон қилинади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади. Лекин одатда сайлов натижалари сайлов ўтгандан сўнг 1 сутка ичида эълон қилинади.

saylov

 

 

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига