Yangi hujjatlar

Ўзбекистон ғаллакорлари ғалла режасини рекорд даражада бажаришди

Бугун, 16 июль куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон ғаллакорларига ғалла режасини ортиғи билан бажарганликлари муносабати билан табрик йўллади. Табрик матни, ЎзАда эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбари деҳқон ва фермерларимиз, барча дала меҳнаткашларининг пешона тери, оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли меҳнати эвазига қўлга киритилган ғалаба билан чин қалбдан самимий муборакбод этди.

Табрикда таъкидланишича, жорий йилда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида илк бор 8 миллион 50 минг тонналик юксак ғалла хирмони бунёд этилди.

Таққослаш учун сўнги 6 йилдаги ғалла режасини бажариш билан боғлиқ маълумотларга диққатингизни қаратмоқчи эдим.

Йиллар

Хирмон ҳажми

Режа бажарилган сана

Президент табригини ўқиш

2008 йил

6 миллион 175 минг тоннадан зиёд

16 июль

ЎҚИШ

2009 йил

6 миллион 610 минг тоннадан зиёд

16 июль

ЎҚИШ

2010 йил

7 миллион тоннага яқин

20 июль

ЎҚИШ

2011 йил

6 миллион 800 минг тоннага яқин

22 июль

ЎҚИШ

2012 йил

7 миллион 170 минг тонна

13 июль

ЎҚИШ

2013 йил

7 миллион 610 минг тоннадан зиёд

16 июль

ЎҚИШ

2014 йил

8 миллион 50 минг тонна

16 июль

ЎҚИШ

– Мана шу қувончли айёмда бу мисли кўрилмаган ютуқнинг моҳияти ва қадр-қимматини ҳар томонлама чуқур англаш учун бир вақтлар, яъни, эндигина мустақилликка эришган биринчи кунларда давлатимиз омборларида халқимизни боқиш учун фақатгина бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун қолганини, айтиш мумкинки, юртимиз очарчилик остонасида, жар ёқасида турганини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, биз қандай таҳликали ва хатарли замонни бошимиздан кечирганимиз ва бугунги қўлга киритган, ҳақиқатан ҳам буюк марраларнинг баҳоси ва аҳамияти яққол аён бўлади, – дейди Президентимиз.

Бу ҳақда гапирганда, аввало, мана шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганимизга минг бора шукроналар айтишни ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.

 

Шунингдек, Президентимиз тарихга назар ташлаб, бундан 23 йил олдин биз 21 миллиондан зиёд аҳолимизнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган 5 миллион тонна ғаллани четдан, катта-катта маблағлар эвазига, кимларгадир муҳтож бўлиб, ялиниб-ёлвориб олиб келишга мажбур бўлганлигимизни таъкидладилар.

Мазкур фикрларни давом эттирар эканлар, давлатимиз раҳбари қуйидаги фикрларни билдирдилар:

Бугунги кунда эса биз 31 миллиондан ортиқ аҳолимизни ўз донимиз, ўз беминнат нонимиз билан тўла таъминлабгина қолмасдан, балки чет элга ғалла экспорт қиладиган мамлакатга айландик. Ўтган давр мобайнида ўлкамизда ғалла етиштиришнинг умумий ҳажми 940 минг тоннадан 8 миллион тоннага етгани, ўртача ҳосилдорлик гектарига 17 центнердан 55 центнерга ўсгани бизнинг бу соҳада илгари фараз қилиш ҳам қийин бўлган, қандай улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганимиздан далолат беради. 

Мавсум давомида ғаллазорларга жами 12 миллион 700 минг тонна, ҳар гектар майдонга ўртача 11 тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит берилгани қайд этилди.

Президентимиз ҳудудлар кесимида таҳлил қилар экан, аввало нисбатан оғир иқлим шароитида бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти деҳқонлари ҳам ғалла тайёрлаш бўйича шартнома мажбуриятини муваффақиятли бажаришга эришганлигини таъкидлади.

Ҳосилдорлик салмоғи таҳлил қилинганда, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўртача ҳосилдорлик 62 центнерни, Самарқанд вилоятида 61 центнер, Бухоро ва Наманган вилоятларида 60 центнер, Қашқадарё вилоятида 58 центнер, Тошкент вилоятида 57 центнер, Навоий вилоятида 55 центнер, Сурхондарё вилоятида 51 центнерни ташкил этганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Президент табригида бу борада бошқаларга ўрнак ва намуна бўлган Тошлоқ, Олтиариқ, Учкўприк, Вобкент, Поп, Учқўрғон, Иштихон, Ғиждувон, Уйчи, Пешку, Нарпай, Пастдарғом, Пахтаобод, Қўрғонтепа, Шаҳрисабз, Хатирчи, Олтинкўл, Дўстлик, Кармана, Мирзачўл, Яккабоғ, Пахтакор, Навбаҳор, Юқоричирчиқ, Китоб, Ўртачирчиқ, Чиноз, Боёвут, Сирдарё, Денов туманларида ҳосилдорлик 60-70 центнердан ошгани таъкидланди.

Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил”, Фурқат туманидаги “Ортиқали Ғаниев”, Учкўприк туманидаги “Фаровон ҳаёт сари”, Олтиариқ туманидаги “Хайрулла Баҳром Бойматов”, Иштихон туманидаги “Асалчи Элдор”, Қува туманидаги “Олтин диёр”, Бувайда туманидаги “Ёқубжон ота”, “Ўзбекистон”, Навбаҳор туманидаги “Очилова Инобат”, Пахтаобод туманидаги “Абдулазиз”, Кармана туманидаги “Амир Ғолиб келажак”, “Саволтепа равнақи”, Янгийўл туманидаги “Ситорахон”, Олтинкўл туманидаги “Гулгун диёр имкони”, Жондор туманидаги “Мурод Рустам”, Қўштепа туманидаги “Абдулҳофиз Халилов”, Ғиждувон туманидаги “Файз” каби фермер хўжаликлари гектаридан 90-100 центнердан ҳосил олинганлиги сабабли “номлари ҳурмат билан тилга олинди”.

Бу йил етиштирилган мўл ғалла ҳосилининг 5 миллион 117 минг тоннаси, яъни 60 фоизи деҳқон ва фермерларимиз, аҳолимиз ихтиёрида қолдирилганини алоҳида таъкидлаш лозим, – дейилади табрикда.

Президентимиз ўз табрикларини қуйидаги фикрлар билан якунладилар:

Фурсатдан фойдаланиб, омилкор деҳқон ва фермерларни, механизатор ва комбайнчиларни, қишлоқ хўжалиги мутахассисларини, бугунги улкан ҳосилга муносиб ҳисса қўшган барча юртдошларимизни бағримга босиб, яна бир бор самимий табриклайман. 

Сизларга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан раҳматлар айтиб, барча-барчангизга таъзим қиламан. 

Эл-юртимизни, оила ва хонадонларимизни турли бало-қазолардан Яратганимизнинг ўзи асрасин! 

Ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, доимо нондек азиз бўлинг, қадрдонларим! 

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига