ГЕРБЛИ ГУВОҲНОМАЛАР – фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари асосида тартиб рақами ва серияси бўлган, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг муҳри ва мансабдор шахснинг имзоси қўйилган гербли гувоҳномалар. ФҲДЁ органларида гувоҳномаларнинг ҳисобга олиниши ва уларниг сақланиши учун уларнинг мудирлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида эса – уларнинг раислари жавобгар ҳисобланади. Г.г.ларнинг камчилиги, нуқсонлари, йўқолганлиги ва ўғирланганлиги аниқланса, бу ҳақда ЎзР Адлия вазирлигига хабар берилади. Г.г.лар йўқолган ҳар бир ҳолатда адлия бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилиши ва айбдор шахсларга нисбатан жиддий чоралар қўлланилиши лозим. Г.г.ларни ҳисобга олиш ва сарфлаш дафтарлари аниқ ва равшан тўлдирилиши керак. Г.г.ларни сарфлашда, уларнинг рақамлари ёзилишида кетма-кетлик қоидасини бузиш, дафтардаги ёзувларни чизиш ва ўчириш қатъиян ман этилади. Ушбу дафтарларга киритилган ҳар бир тузатиш изоҳланиши шарт. Г.г.лар муҳрланган пўлат сейфларда сақланиши шарт. (муал. – С.Хидиров)