Yangi hujjatlar

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИНИНГ ҚОНУНГА ХИЛОФ МУОМАЛАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФИ

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИНИНГ ҚОНУНГА ХИЛОФ МУОМАЛАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФИ – аҳолининг гиёҳвандлик воситалари истеъмол қилишга берилиши жисмоний, руҳий ва маънавий таназзулга учрашига; мамлакат иқтисоди, фуқаролар турмуши ва мудофаа қобилиятининг таянчи бўлиши керак бўлган одамларнинг шахсий деградациясига; аҳолининг насл қолдириш қобилиятига ва келгуси авлодларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатилишига; жиноятчиликнинг оммавий негизлари яратилишига; виктимлик даражаси юқори бўлган шахсларнинг кўпайишига; қуролли кучларнинг жанговар қобилиятига путур етишига; гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга мойил шахсларни профилактика қилиш, даволаш, уларга ҳуқуқий таъсир кўрсатиш ва б. шунга ўхшаш тадбирларга давлат ва жамият томонидан катта маблағларнинг ажратилишига олиб келади. Тадқиқотлар натижасида олинган маълумотлар ва экспертларнинг баҳолашларига қараганда, ЎзРда гиёҳвандлик воситаларини сурункали истеъмол қилувчи шахслар сони 200 минг кишини, гиёҳвандлик воситаларини синаб кўрган шахслар сони эса ундан ҳам кўпроқни ташкил этади. Ваҳоланки, соғлиқни сақлаш органлари томонидан рўйхатга олинган гиёҳвандлар сони атиги 30 минг кишини, ташкил қилади. Бу мазкур ҳодисанинг латентлик даражаси 6-7 баравар юқори эканлигидан далолат беради. Гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласи б-н боғлиқ бўлган рўйхатга олинган жиноятларнинг умумий кўрсаткичи 1999 й.да 1998 йилдагига қараганда 11% га кўпайди ва 6630 та жиноятни, 2000 й.да 7100 та жиноятни ташкил этди. Гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи б-н боғлиқ жиноятчиликнинг тузилиши қуйидаги кўринишга эга (2001 й.гача бўлган ҳолатга кўра): гиёҳвандлик воситаларини талон-торож қилиш (ўғирлик, талончилик, босқинчиликлар) – 0,6%; ғайриқонуний равишда тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш – 93%; бошқа шахсларни истеъмол қилишга жалб этиш – 0,7%; бангихоналар ташкил қилиш ёки сақлаш – 1%; гиёҳвандлик воситаларини олиш мақсадида рецептларни қалбакилаштириш – 0,1%; қонунга хилоф равишда таркибида гиёҳвандлик м. бўлган ўсимликларни экиш ёки ўстириш – 1%; гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомалада бўлиши қоидаларини бузиш – 2,5%. (муал. – Қ.Абдурасулова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига