ИҚТИСОДИЙ НИЗОЛАР – тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий соҳаларда юзага келадиган низолар. ЎзР тадбиркор шахслари юридик шахслар иштирокида юзага келадиган ва маъмурий, фуқаролик ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган И.н. хўжалик судларида кўриб чиқилади. Хўжалик судида кўриб чиқиладиган И.н.га, жумладан, қуйидагилар киради: а) тузилиши қонунда кўрсатилган шартномалар бўйича низолар ёки хўжалик суди томонидан амалга оширилиши керак бўлган низолар; б) шартномаларнинг ўзгариши ёки тугатилиши; в) мажбуриятларни бажармаганлик ёки етарлича бажармаганлик; г)мулк ҳуқуқини тан олиши; д) мулк эгасининг ўз мулкини бошқа ноқонуний эгасидан олиб бериш ҳақидаги низолар; е) мулкни тортиб олиш б–н боғлиқ бўлмаган ҳолда мулк эгасини ундан маҳрум қилиш б–н боғлиқ низолар; ж) зарарларни ундириш ҳақида; з) давлат органлари, маҳаллий ҳокимият органларининг фуқаролар ва ташкилотларнинг қонуний манфаатларини бузувчи қарорларини тўла ёки қисман ноқонуний деб топиш; и) шаън, қадр–қиммат ва тадбиркорлик обрўйини ҳимоя қилиш; к) ундириш амалга оширилаётган ҳужжатнинг акцептсиз қайд қилиниши; л) фуқаро ёки ташкилотни давлат рўйхатига олиш ва қонунда кўрсатилган бошқа ҳолларда белгиланганига зид равишда уларга рад жавобини бериш; м) давлат ва маҳаллий органлар томонидан жарималар ундириш тўғрисидаги ишлар; н) бюджетдан назорат функцияларини амалга оширувчи органлар томонидан бошқа ташкилотлардан қонунлар ёки қонун ҳужжатларига зид равишда олинган қайтариб юборилган маблағлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш.