ИДЕНТИФИКАЦИОН ТАДҚИҚОТ – турли объектларнинг белгиларини ва изларини таққослаш асосида ўтказилади. Таққослаш икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда белги ёхуд из алоҳида–алоҳида текширилади, иккинчи босқичида эса – таққосланади. Алоҳида–алоҳида текшириш жараёнида масалан, бармоқ изларидаги нақшларнинг умумий белгилари асосида уларнинг турлари аниқланади. Агарда нақш турини аниқлаб бўлмаса, папиляр чизиқлардаги бошқа белгилар текширилади. Таққослаш чоғида излардаги умумий белгиларнинг ўхшашлиги аниқланади. Бунда нақшларнинг умумий ўхшашлиги, марказ билан дельта оралиғида жойлашган чизиқларнинг сони, оқимларнинг шакли ва йўналиши эътиборга олинади. Умумий белгиларнинг фарқланиши папиляр нақшларнинг бошқа кўринишда эканлигини билдиради. Умумий белгилар ўхшаш бўлса, кейинги текширув босқичига ўтилади ва индивидуал белгилар ҳамда аломатлар таққосланади. Бу босқичда хусусий белгилар сони, уларнинг марказ ва дельтага нисбатан жойлашиши текширилади. Индивидуал аломатларнинг мажмуаси ва фарқлари аниқланади.