ИЛМИЙ ДАРАЖА ВА УНВОНЛАР – шахснинг илмий малакаси ва илмий савиясини тасдиқловчи расмий кўрсаткич бўлиб, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Илмий Кенгашларнинг қарорлари асосида ЎзР Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий Аттестация Комиссияси томонидан берилади. ЎзР Адлия вазирлиги томонидан 1996 йил 10 июлда 261–сон б–н “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом” ҳамда 1996 йил 10 июлда 262–сон б–н “Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги Низом” давлат рўйхатига олинган. Шахснинг фан номзоди ёки фан доктори илмий даражасига, доцент, профессор, илмий ходим, катта илмий ходим илмий унвонларига эга бўлиши меҳнатга хақ тўлашнинг ягона тариф разрядлари тизимида юқорироқ поғонани эгаллашига, муайян имтиёзлардан фойдаланишига асос бўлади. Илмий тадқиқот – фан ва техниканинг муайян йўналишда амалга ошириладиган илмий изланишлар. Илмий тадқиқотлар айрим шахс томонидан мустақил равишда ёки давлат дастурлари асосида хизмат вазифаси сифатида илмий ижодий гурухлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Хизмат вазифасини бажариш чоғида амалга ошириладиган илмий–тадқиқот муаллифлари ходим сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар, корхона ички тартиби қоидалари доирасида иш олиб борадилар. Илмий тадқиқотлар хизмат вазифаси тарзида амалга оширилгани ҳолларда уларнинг илмий натижалари тадқиқотчи меҳнат қилаётган корхона мулки саналади, аммо уларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи тадқиқотни ўтказиб, илмий янгилик яратган шахсларга тегишли бўлади.