ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИНГ МАРКАЗИЙ ДЕПОЗИТАРИЙСИ – Ўзбекистон Республикаси депозитарийларида қимматли қоғозларни сақлаш, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқни ҳисобга олиш ва қимматли қоғозлар ҳаракатининг ягона тизимини таъминловчи депозитарий. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августда қабул қилинган “Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тўғрисида”ги қонун билан билан қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тартибга солинади. Марказий депозитарий қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат унитар корхонаси сифатида тузилади. Марказий депозитарий ўз фаолиятини хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар ва бошқа тушумлар ҳисобига амалга оширади. Марказий депозитарий хизматлари учун олинадиган тарифлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади. Марказий депозитарий мутлақ вазифалари қуйидагилардан иборат: нақд бўлмаган қимматли қоғозларни сақлаш; давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган объектларнинг нақд қимматли қоғозларини улар сотиб олингунга қадар бўлган даврда сақлаш; нақд ва нақд бўлмаган қимматли қоғозларга нисбатан давлат ҳуқуқларини ҳисобга олиш; депозитарийларнинг вакиллик ҳисобварақларини юритиш; биржа ва биржадан ташқари савдолар қатнашчиларининг қимматли қоғозлари савдоларга қўйилишидан олдин улар борлигини ва ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш; савдоларда тузилган битимларга мувофиқ биржа ва биржадан ташқари савдолар қатнашчиларига қимматли қоғозлар етказиб берилишини таъминлаш; нақд ва нақд бўлмаган қимматли қоғозлар муомалага чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш; Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлар томонидан, шунингдек қимматли қоғозларнинг хорижий фонд бозорларида Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш; депозитарийлар тизимида қимматли қоғозлар ҳаракати тўғрисидаги ахборотларни жамлаш ва тартибга солиб туриш.