ИНВЕСТОР – 1) инвестиция киритган шахс. 2) қимматли қоғозларни ўз номидан ва ўз ҳисобидан сотиб олувчи жисмоеий ёки юридик шахсдир. Инвесторлар қимматли қоғозлар бозорида қуйидаги ҳуқуқларга эга: эмитентдан қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги, эмитентнинг жорий молиявий ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари ҳақидаги ахборотни тақдим этишни талаб қилиш; қимматли қоғозлар бозорида уларга ўз хизматларини таклиф этувчи инвестиция институтларидан ушбу Қонуннинг 6–м.га мувофиқ улар тўғрисидаги, шунингдек қимматли қоғозларнинг фонд биржасидаги савдоларини ва биржадан ташқари савдосини ўтказиш қоидалари ҳақидаги ахборотни талаб қилиш; пул ва бошқа тўлов маблағлари, мол–мулки б–н, шунингдек пул қийматига эга бўлган ҳуқуқлари (шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар) асосида қонун ҳужжатларида ва эмитентнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозларга инвестициялар қўйиш; қимматли қоғозлар бозоридаги ўз таваккалларини суғурталаш; қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органидан инвестиция институтлари ва уларнинг бирлашмалари тўғрисида, қимматли қоғозлар эмиссиясини тўхтатиб қўйишга, қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятга доир лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва бекор қилишга доир барча ҳолатлар, инвестиция институтлари ва эмитентлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг даъво аризалари бўйича эмитентлар ёки инвестиция институтларига нисбатан чиқарилган суд қарорлари ҳақида ахборот олиш; қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига эмитентлар ёки инвестиция институтлари томонидан уларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги тўғрисидаги шикоятлар б–н мурожаат қилиш; фонд биржаси аъзолари, унинг мансабдор шахслари ва мутахассислари томонидан ҳуқуқлари бузилган тақдирда фонд биржасига шикоятлар б–н мурожаат қилиш; қимматли қоғозлар бозорида ҳуқуқлари бузилганлиги ва етказилган зарарларни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси б–н судга мурожаат қилиш; инвесторларнинг бирлашмалари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Инвесторлар қимматли қоғозлар бозорида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.