Yangi hujjatlar

2015 йилда 987,5 мингта иш ўрни ташкил этилади

2014 йил 13 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ҳам кўриб чиқиб, маъқулладилар. Бу ҳақида, Олий Мажлис Сенатининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу Дастур «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларини, аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг тамойиллари, устувор йўналишларини, тегишли мақсадли дастурлар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлиги кўрсатиб ўтилди.

2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг прогноз параметрлари 2011-2015 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, инвестиция дастурлари ва бошқа мақсадли дастурларга мувофиқ тузилган. Улар иш ўринларини кўпайтиришга, бандлик даражасини ўстиришга ҳамда унинг ҳудудий тузилмасини такомиллаштиришга йўналтирилган.

Дастурни рўёбга чиқариш доирасида 2015 йилда мамлакатимизда 987,5 мингта иш ўрни, шу жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ишламаётган корхоналарни қайта тиклашнинг мақсадли дастурларига мувофиқ 261,6 мингта иш ўрни ташкил этиш, шунингдек, кичик корхоналар ва микрофирмаларда, якка тадбиркорлик ва касаначилик соҳасида, фермер ва деҳқон хўжаликларида 725,9 минг нафар одамнинг бандлигини таъминлаш назарда тутилмоқда. Мамлакатнинг олис туманларида иш ўринлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

2015 йилда Дастур параметрларига мувофиқ ташкил этиладиган янги иш ўринларига, шунингдек, мавжуд бўш ва захира қилинадиган иш ўринларига касб-ҳунар коллежларининг 487,7 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган.

2015 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тасдиқланган параметрлари сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида унинг республика туманлари ва шаҳарлари, иқтисодиёт тармоқлари ва корхоналар кесимида рўёбга чиқарилишининг мунтазам ва тизимли мониторинги ташкил этилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига