ИЖТИМОИЙ ХАВФЛИ ҚИЛМИШ СОДИР ЭТГАН ШАХСНИ УШЛАШ ВАҚТИДА ЗАРАР ЕТКАЗИШ – ЖКнинг 39–м.га кўра ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш, одил суд манфаатларини амалга оширишни таъминлашда зарур ҳисобланиб, у жамиятга хавфли фаолиятга барҳам бериш, яширинишни ва ушланган шахс томонидан далилларни йўқотиш, қилмишни олдини олишга хизмат қилади. Айнан шу сабабларга кўра, давлатимизнинг жиноят қонунчилиги ва суд–тергов амалиёти ушлашни ҳатто унинг натижасида жамият учун хавфли жиноят содир этган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига маълум тарзда зарар етган ҳолда ҳам жамият учун фойдали деб ҳисоблайди. Ушловчи шахснинг ҳаракатларига тўғри баҳо бериш, уларни жиноий ҳаракатларидан чеклаш учун зарар етказишнинг қонунийлиги шарт–талаблари ва ушловчининг ҳаракатлари ўртасида мувофиқлик бўлиши лозим. Шахсни ушлаш вақтида зарар етказишнинг қонунийлик шартлари бир тарафдан жиноятчини ушлашга имкон берса, бошқа тарафдан ушловчи томонидан ноқонуний ва ўзбошимча ҳаракатларни амалга ошириш имконини йўқ қилади. Ушбу шартлар ушлаш ва ушлаш вақтида зарар етказишга оид бўлиб, ушланувчининг қаршилигига барҳам бериши сабабли қонунийдир. Ушлашнинг қонунийлик шартлари бу қисқа муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳақ–ҳуқуқ берадиган етарли ва керакли асослар сифатида қонун томонидан тан олинган ҳолатлардан ифодаланади. Айнан, ушлашнинг асоси ва субъекти, уни амалга оширишнинг усули ва воситалари, ушлашдан мақсад ва уни амалга ошириш вақти юқорида белгиланган ҳолатлар ва ушлаш ҳаракати ўртасида мувофиқлик аниқланган ҳолдагина ушлашни қонуний деб баҳолаш мумкин.