ИЖТИМОИЙ ХАВФЛИЛИК – жиноятнинг объектив хусусиятларини акс эттирувчи белги. И.х. ҳуқуқий ҳимоя объектларига зарар етказувчи ёки зарар етказишга реал хавф туғдирувчи қилмишларни жиноят тоифасига киритиш кераклилигидан иборатдир. Жиноят сифат ва миқдор ифодасига эга. И.х.нинг сифат жиҳатидан ўзига хослиги унинг тавсифида, миқдорий хусусияти эса И.х.нинг даражасида кўринади. И.х. тавсифи маълум турдаги жиноятнинг ижтимоий хусусияти бўлиб, ўзи йўналган жамоат муносабатларининг моҳияти, қимматлилик тизимида эгаллаган ўрни, объектга етказган зарарининг таркиби, айб шаклига боғлиқдир. И.х. даражаси деб, ижтимоий хавфлилик б–н бир хил тавсифга эга қилмишнинг хавфлиликка нисбатан қиёсий ифодасига айтилади. И.х.нинг даражаси жиноий қилмишни содир этишда етказилган зиён ҳажми, қасд ва эҳтиётсизлик турлари, мақсад ва сабаблар мазмуни, жой, вақт, услуб, муҳит, қурол ва воситалар ҳамда бошқа ҳолатларга боғлиқ бўлади.