ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – давлат ва жамият томонидан фуқароларни моддий ҳамда ижтимоий жихатдан қўллаб–қувватлаш мақсадида кўриладиган тадбирлар мажмуи. Мамлакатимизда аниқ йўналтирилган, ижтимоий ҳимоя амалга оширилмоқда. У энг аввало қариялар, ногиронлар, кўп болали ва кам таъминланган оилалар, ёш болаларга қаратилган. Ана шу мақсадда фуқаролар моддий таъминотнинг қўшимча шаклларидан нафақалар, натурал ёрдамлар, ижтимоий хизматлар, давлат таъминотига олиш ва х.к. фойдаланадилар. Ҳозирги кунда ижтимоий химоя хажми ва шакллари тез ривожланиб бормоқда. Баъзи соҳа мутахассислари қўшимча ижтимоий ҳимоядан фойдаланадилар. Оғир ва хавфли вазифаларни бажарувчиларга алоҳида И.ҳ. чоралари белгиланган. Масалан, кон ишчилари, хавф билан боғлиқ корхона ходимлари, ҳуқуқини ҳимоя қилувчи судья, прокурор, адвокат кабиларга ҳам кучайтирилган И.ҳ. бериш назарда тутилган.