ИЖТИМОИЙ НАФАКАЛАР – турмуш учун доимий ва асосий манба бўлиб ҳисобланган пенсиялардан фарқ қилган ҳолда, нафақалар, одатда, вақтинча йўқотилган иш ҳақи ўрнига тўланадиган ёки тирикчилик учун зарур бўлган манбага қўшимча манба сифатида ёҳуд бунинг учун зарур бўлган манбалар бўлмаган ҳолларда бериладиган ёрдам. Ижтимоий суғурта бўйича тайинланадиган нафакаларнинг барча турларига икки белги хосдир: 1) нафақалар қонун б–н белгиланган ҳолларда ёрдам тариқасида берилади; 2) улар ЎзР Бюджетидан ташқари Пенсия жамғармасидан тўланади. Нафақаларнинг Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан тўланиши бошқа мақсадларда бериладиган тўловлардан, хусусан, моддий рағбатлантириш жамғармасидан тўланадиган ёрдам, маҳаллий бюджет маблағларидан ва бошқа маблағлардан бериладиган моддий ёрдамлардан фарқланади. Узининг аниқ мақсадларига кўра, ижтимоий таъминот бўйича бериладиган нафақаларнинг турлари ҳам ўзининг юридик белгиларига кўра бир–биридан фарқ қилади. Нафақаларнинг биринчи тури вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича бериладиган нафақалар бўлиб, улар узрли сабабларга кўра вақтинча йўқотилган иш ҳаки ўрнида маълум бир муддат давомида ёки унга тенглаштирилган миқдорда тўланади. Ўз характерига кўра, И.н. меҳнатга тўланадиган ҳақ б–н бирга тўланишига йўл қўйилмайди. Лекин И.н. бошқа нафақалар ва пенсиялар б–н бирга тўланиши мумкин. И.н.нинг иккинчи тури–бу ҳаёт кечиришнинг асосий манбаи бўлган даромадларга қўшимча сифатида ёки биринчи турдаги нафақаларга қўшимча сифатида бериладиган нафақадир. Бу нафақа тирикчилик учун зарур бўлган манбанинг ўрнида эмас, балки қонунчиликда асосий манбалар етарли эмас деб ҳисобланганда қўшимча ҳаражатларни қоплаш мақсадида асосий манбаларга ёрдам сифатида бериладиган нафақадир. И.н. ҳар ойда тўланадиган ва бир маротаба тўланадиган бўлиши мумкин. Одатда, улар зарур бўлган асосий манбаларга қўшимча сифатида берилиши сабабли, асосий тирикчилик учун зарур бўлган манба миқдоридан кам бўлиб, қўшимча ҳаражатлар миқдорини ҳисобга олган ҳолда белгиланади, И.н.ларга болали оилаларга бериладиган ҳар ойлик нафақалар, бола туғилганда белгиланадиган нафақалар, дафн маросими учун бериладиган нафақалар ва бошқа нафақалар киради. Нафақаларнинг учинчи тури – тирикчилик учун зарур бўлган манбалар, яъни меҳнатга тўланадиган ҳақ, пенсия ва бошқа манбалар йўқ бўлгани сабабли доимий бериладиган нафақалардир. Булар, одатда, болаликдан 1 ва 2 гурух, ногиронларига ва 16 ёшгача бўлган ногиронларга, пенсия тайинлаш учун зарур меҳнат стажига эга бўлмаган қарияларга, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда бериладиган нафақалардир.