Yangi hujjatlar

ИЖТИМОИЙ СУҒУРТА БАДАЛЛАРИ

ИЖТИМОИЙ СУҒУРТА БАДАЛЛАРИ – иш берувчилар томонидан ўз ходимлари учун иш хақи фондидан хар ойда тўлаб бориладиган муайян миқдордаги пул суммаси. Хозирги пайтда ЎзР Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 6 апрелда 1333–сон б–н рўйхатга олинган “Ягона ижтимоий тўловни ҳамда давлат ижтимоий суғуртасига мажбурий бадаллар ва ажратмаларни ҳисоблаш, тўлаш, тақсимлаш тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча юридик шахслар томонидан давлат солиқлари ва мажбурий йиғимларга тенглаштирилган миқдорда тўлаб борилади. Юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси иш хақи фондининг 31%, шундан 30% – бюджетдан ташқари пенсия жамҳармасига, 0,5% давлат бандликка кўмаклашиш жамғармасига ва 0,5% Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ажратилади. Айрим юридик шахслар учун ушбу ягона ижтимоий тўловларни ажратиш бўйича имтиёзлар берилган бўлиб, махсуслаштирилган цехларда ишлаётган ногиронлар меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахслар учун ижтимоий суғурта бадаллари иш хақи фондининг 4,7%, “SOS – Ўзбекистон болалар қишлоғи ассоциацияси” учун иш хақи фондининг 7 %, адвокатлик бюро, хайъат ва фирмалари учун иш хақи фондининг 25% миқдорида белгиланган. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритувчи якка тадбиркорлар Молия вазирлиги қошидаги Пенсия фондига И.с.б.ни ўзлари хохлаган миқдорда тўлайдилар, аммо бу сумма ҳар ойда энг кам иш хақидан кам бўлмаслиги лозим. Дехқон хўжаликларининг аъзоси бўлган фуқаролар ўзлари хохласаларгина давлат И.с.б.ни тўлайдилар, аммо тўлаш истагини билдирсалар, тўланадиган сумма ҳар ойда энг кам иш хақидан кам бўлмаслиги лозим. Пенсия ёшига етган ёки I–II гурух ногирони бўлган якка тадбиркорлар Пенсия фондига тўлайдиган сумма хар ойда энг кам ойлик иш хақининг 50 % дан кам бўлмаслиги лозим. И.с.б. ижтимоий таъминот тизимида давлат кафолатларини амалга ошириш, фуқароларнинг пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий таъминот ҳамда ижтимоий ёрдамлардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадларида ташкил этилган.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига