ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ОЛИШ ҲУҚУҚИ – ЎзР Конст.нинг 39–м.да кафолатланган. Унда кўрсатилишича: “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назар тутилган бошқа ҳолларда И.т.о.ҳ.га эга”. Фуқароларнинг ушбу ҳуқуқи мамлакатимизда зарур ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт–шароитлар яратилганлиги, хусусан ижтимоий таъминотни амалга оширувчи давлат органлари тизими, жамоат органлари ташкил этилганлиги ва бир маромда ишлаётгани, ҳар йили давлат томонидан бир неча юз миллиард сўм маблағ ана шу мақсадлар учун ажратилаётганлиги ва сарф–харажат қилинаётганлиги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Харбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”, “Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунлар, пенсиялар ва нафақалар б–н таъминлашга оид қонуности ҳужжатлар тизими яратилганлиги б–н таъминланади. Фуқаролар ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқидан фойдаланиш чоғида тенг ҳуқуқлидирлар ва бундай холда камситишга, ҳуқуқларни чеклашга йўл қўйилмайди.