ЙИЛЛИК МЕҲНАТ ТАЪТИЛЛАРИ – ходимларга, ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга Конст. б–н кафолатланган (38–м.) дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган йиллик меҳнат таътиллари. Қонунчилик асосий, асосий узайтирилган ва қўшимча Й.м.т. назарда тутади. Ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат б–н йиллик асосий таътил берилади. Айрим тоифадаги ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилган таътиллар белгиланади.Мас., ёши ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олиб ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга – ўттиз календарь кун; ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига – ўттиз календарь кун йиллик узайтирилган асосий таътил берилади. Қўшимча таътиллар: шароити ноқулай ва алоҳида тусга эга бўлган ишларда банд бўлган ходимларга (МК 137–м.); меҳнат оғир ва ноқулай табиий–иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга (МК 138–м.). Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларда белгиланганидан ташқари, меҳнат шартномасининг шартларида ҳам узайтирилган йиллик таътиллар бериш назарда тутилиши мумкин. Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Қонунчилик уларнинг ҳохиши б–н олти ой ўтмасдан олдин берилиши мумкинлигини белгилаб қўйган (МК 143–м.).