Yangi hujjatlar

КИМ ОШДИ САВДОСИ

КИМ ОШДИ САВДОСИ – шартнома тузишнинг усулларидан бири бўлиб, унга кўра агар шартноманинг мазмунидан бошқача тартиб англашилмаса, у ким ошди савдосини ўтказиш йўли билан тузилиши мумкин. Шартнома ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилади (Фкнинг 379-моддаси). Ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси ёхуд ихтисослашган ташкилот ким ошди савдосининг ташкилотчиси бўлиши мумкин. Ихтисослашган ташкилот ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузиш асосида иш олиб боради ва улар номидан ёки ўз номидан ҳаракат қилади. Ким ошди савдоси аукцион ёки танлов шаклида ўтказилади. Фақат битта иштирокчи қатнашган аукцион ва танлов ўтказилмаган ҳисобланади. Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин. Ёпиқ аукцион ва ёпиқ танловда шу мақсад учун махсус таклиф этилган шахсларгина қатнашадилар. Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ташкилотчи ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисида камида ўттиз кун олдин хабар қилиши керак. Хабарда, ҳар қандай ҳолда ҳам, ким ошди савдосининг вақти, жойи ва шакли, ким ошди савдосига нима қўйилаётгани ва уни ўтказиш тартиби, шу жумладан ким ошди савдосида қатнашишни расмийлаштириш тўғрисидаги, шунингдек бошланғич нарх тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак. Агар ким ошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилаётган бўлса, бўлажак ким ошди савдоси тўғрисидаги хабарда бунга бериладиган муддат кўрсатилиши керак. Ким ошди савдосининг қатнашчилари ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган миқдорда, муддатларда ва тартибда закалат пули тўлайдилар. Агар ким ошди савдоси ўтказилмаса, закалат қайтариб берилиши керак. Закалат ким ошди савдосида қатнашган, лекин унда ғолиб чиқмаган шахсларга ҳам қайтариб берилади. Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан шартнома тузишда у тўлаган закалат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришда ҳисобга олинади. Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва ким ошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни ким ошди савдосининг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади. Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортса, тўлаган закалатидан маҳрум бўлади. Баённомани имзолашдан бош тортган ким ошди савдосининг ташкилотчиси закалатни икки ҳисса қилиб қайтариши, шунингдек ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахсга ким ошди савдосида қатнашиш туфайли ўзига етказилган зарарнинг закалат пулидан ортиқ бўлган қисмини тўлаши шарт. Қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган ким ошди савдоси манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ким ошди савдосини ҳақиқий эмас деб топиш ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабабчи бўлади.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига