Yangi hujjatlar

Конституциямизнинг 23 йиллиги муносабати билан 23 та қизиқарли факт

1-факт: Ўзбекистон тарихида қабул қилинган конституциялар:
1. Ўзбекистон тарихидаги илк Конституция 1918 йилда қабул қилинган Туркистон АССРнинг Конституциясидир;
2. 1927 йил;
3. 1937 йил;
4. 1978 йил;
5. 1992 йил 8 декабрь.

2-факт: 1990 йил 20 июнда янги Конституция ишлаб чиқиш мақсадида Президент И.Каримов бошчилигида 64 кишидан иборат конституциявий комиссия тузилди.

3-факт: Конституциянинг 3та муқобил концепцияси яратилган: Фанлар Академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг концепцияси, Сиёсатшунослик ва бошқарув институтининг концепцияси ва Президент девони юридик бўлими тайёрлаган концепция. Ишчи гуруҳ мажлисида учинчи концепция асос сифатида қабул қилинган.

4-факт: Конституция лойиҳасининг дастлабки варианти муқаддима, олти бўлим, 158 моддадан иборат эди.

5-факт: 1992 йил баҳорида Конституция лойиҳасининг 149 моддадан иборат 3-варианти ишлаб чиқилди.

6-факт: Конституция лойиҳасининг 3-варианти 1992 йил 26 сентябрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. Икки ярим ойлик муҳокамадан сўнг, 1992 йил 21 ноябрда иккинчи маротаба матбуотда эълон қилинди.

7-факт: Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 12-чақириқ ЎзР Олий Кенгашининг 11-сессиясида 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинди.

8-факт: “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилинган кунни умумхалқ байрами деб эълон қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, 8 декабрь дам олиш куни дея эълон қилинди.

9-факт: Констициямиз муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат.

10-факт: 04.01.2001да “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Фармойиши чиқарилган.

11-факт: Қуйидаги рўйхатда Конституцияда қайси сўзлар неча марта учраши ҳақида маълумот:

  • Республика – 373 та
  • Ўзбекистон – 336 та
  • Қонун – 205 та
  • Давлат – 101 та
  • Ҳуқуқ – 90 та
  • Конституция – 67 та
  • Фуқаро – 66 та
  • Президент – 60 та
  • Қорақалпоғистон – 34 та
  • Шахс – 30 та
  • Халқ – 25 та
  • Эркинлик – 25 та
  • Демократия – 7 та

12-факт: Конституцияга бугунгача 7 марта ўзгартириш киритилган.
1) 28.12.1993 й. (77-модда)
2) 24.04.2003 й. (XVIII, XIX, XX, XXIII-боблар)
3) 11.04.2007 й. (89, 93, 102-модда)
4) 25.12.2008 й. (77-модда)
5) 18.04.2011 й. (78, 80, 93, 96, 98-модда)
6) 12.12.2011 й. (90-модда)
7) 16.04.2014 й. (32, 78, 93, 98, 103, 117-модда)

13-факт: 28.12.1993 йилдаги ўзгартиришга биноан 77-моддадаги “депутат” сўзи, “депутатлар” сўзига алмаштирилган.

14-факт: 24.04.2003 йилда “Олий Мажлис”, “Президент”, “Вазирлар Маҳкамаси” ва “Сайлов тизими” бобларига ўзгартириш киритилган. 2 палатали Парламентга ўтказилган, Президент муддати 7 йилга узайтирилган.

15-факт: 24.04.2003 йилда Президентнинг ваколат муддати тугаса, умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллаши белгиланди. Илгари Конституциявий суд судьяси эди.

16-факт: 11.04.2007 йилда Президентдан Вазирлар Маҳкамаси бошлиғи мақоми олиб ташланди. Шунингдек, вилоят ҳокимларини тайинлаш тизимига ўзгартириш киритилди.

17-факт: 25.12.2008 йилда Қонунчилик палатаси депутатлари сони 120 дан 150 нафарга кўпайтирилди.

18-факт: 18.04.2011 йилда 5та моддага ўзгартириш киритилди. Унда асосан Бош Вазир лавозимига тайинлаш тартиби ўзгартирилди.

19-факт: 18.04.2011 йилда Президент оғир бетоб бўлиб қолса, вақтинча Президент ваколатлари Сенат Раисига юклатилиши белгиланди. Илгари ўн кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан сайланарди.

20-факт: 12.12.2011 йилда Президент ваколат муддати 7 йилдан 5 йилга ўзгартирилди.

21-факт: 16.04.2014 йилда Конституцияга “жамоатчилик назорати” (32-модда) ҳамда “парламент назорати” (78-модда) жумлалари қўшилди.

22-факт: Шунингдек, 16.04.2014 йилда Президент, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият органлари ваколатларига ҳамда сайлов жараёнларига оид қоидаларга ўзгартириш киритилди.

23-факт: Маълумот ўрнида: Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси 1993 йил 9 апрель куни қабул қилинган бўлиб, у 6 бўлим, 26 боб, 119 моддадан иборат.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (122)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (5)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига