Yangi hujjatlar

КОРХОНАНИ СОТИШ ШАРТНОМАСИ

КОРХОНАНИ СОТИШ ШАРТНОМАСИ олди–сотди шартномасининг ЎзР Фкда назарда тутилган махсус тури. К.с.ш. бўйича сотувчи мулкий мажмуа бўлган бутун корхонани (сотувчи бошқа шахсларга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ташқари) харидорга мулк сифатида беради. Агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фирма номи, товар белгиси, хизмат белгиси ҳамда сотувчи ва уни товарларини, иш ва хизматларини ажратиб турувчи бошқа воситаларга, шунингдек, унга лицензия асосида тегишли бўлган ана шундай фарқловчи воситалардан фойдаланиш ҳуқуқлари харидорга ўтади. Сотувчининг тегишли фаолият билан шуғулланиш учун рухсати (лицензияси) асосида олган ҳуқуқлари, агар қонунда ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, корхонани сотиб олувчига берилиши мумкин эмас. Сотувчининг харидорда рухсат (лицензия) бўлмаганлиги туфайли у бажара олмайдиган мажбуриятларни корхона таркибида харидорга бериши сотувчини кредиторлар олдидаги тегишли мажбуриятларидан озод этмайди. Бундай мажбуриятларни бажарилмаганлиги учун сотувчи ва харидор кредиторлар олдида биргаликда жавобгар бўладилар. К.с.ш. ёзма шаклда томонлар имзолаган битта ҳужжат тайёрлаш йўли билан тузилади. Шартномага инвентаризация ҳужжати, бухгалтерия баланси, мустақил аудиторнинг корхона таркиби ва қиймати ҳақидаги хулосаси ҳамда корхона таркибига киритиладиган барча қарзлар (мажбуриятлар) рўйхати кредиторлар, улар талабларининг хусусияти, миқдори ва муддатини кўрсатган ҳолда илова қилинади. К.с.ш. шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий ҳисобланмаслигига сабаб бўлади. К.с.ш. давлат идорасида қайд этилиши лозим ва ана шундай қайд этилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади. Сотувчининг корхонани харидорга бериши топшириш акти бўйича амалга оширилади. Ушбу актда корхона таркиби ҳақида маълумотлар ва кредиторларнинг корхона сотилиши ҳақида хабардор қилинганлигига доир маълумотлар, шунингдек, топширилган мулкнинг аниқланган камчиликлари ҳақидаги маълумотлар ва сотувчи йўқолганлиги туфайли топширилиш мажбурияти бажарилмай қолган мулкларнинг рўйхати кўрсатилади. Корхонани топшириш актини иккала томон имзолаган кундан бошлаб корхона харидорга топиширилган ҳисобланади. Корхонага бўлган мулкчилик ҳуқуқи харидорга ушбу ҳуқуқ давлат томонидан қайд этилган кундан бошлаб ўтади.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига