КОРРУПЦИЯ (лотинча corruptio – айниш, порага сотилиш) – мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқларни бойиш мақсадларида суистеъмол қилишидан иборат. Мансабдор шахсларни сотиб олиш, уларнинг порага сотилиши ҳам К. дейилади. К. давлат аппарати ва парламент фаолиятида айниқса лавозимларга сайлов ўтказиш харажатларини кўтариш кўринишларида ҳам учрайди. Сайланган киши турли имтиёзлар, ёрдам, хизматлар кўрсатиб ўз “қарзини” қайтаради. Аксарият К. лоббизмни монополияларнинг қонунчилик органлари ва амалдорларга тазйиқ ўтказиш билан шуғулланадиган муассаса ва агентлари тизими б–н боғлиқ. Халқаро миқёсда 1970 й. ларда Японияга самалётлар сотишда компания томонидан олий давлат амалдорларини сотиб олиш бўйича “Локхид иши” энг йирик К. кўринишларига мисол бўлади. Порани хаспўшлаш учун йирик битишувларда кўпроқ “хизмат хақи” тўлаш амалиётидан фойдаланилади.