КРЕДИТ УЮШМАСИ – юридик ва жисмоний шахслар томонидан кредитлар бериш мақсадида ихтиёрий тенг ҳуқуқли аъзолик асосида тузиладиган кредит ташкилоти кредит уюшмаси деб эътироф этилади. Кредит уюшмаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк ҳисобварақларини белгиланган тартибда очишга ҳақлидир. Кредит уюшмаси ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган манзили кўрсатилган юмалоқ муҳрига эга бўлиши лозим. Муҳрда айни пайтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин. Кредит уюшмасининг фирма номида «кредит уюшмаси» сўз бирикмаси ифодаланиши ва у бошқа кредит уюшмаларининг фирйа номига ўхшаш бўлмаслиги керак. Кредит уюшмаси ўз номи ёзилган штампларга, бланкаларга ва ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақлидир. Устав фондига пай бадалларини киритган юридик ва жисмоний шахслар кредит уюшмасининг аъзолари ҳисобланади. Шахсга кредит уюшмаси томонидан берилган сертафикат унинг кредит уюшмасига аъзолигини тасдиқловчи ҳужжатдир. Сертификат шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади. Кредит уюшмаси аъзоларининг сони элликтадан кам бўлиши мумкин эмас. Кредит уюшмаси қуйидаги ҳуқуқларга эга: депозитларга қўйиш учун ўз аъзоларидан пул маблағларини жалб этиш; ўз аъзоларига кредитлар бериш; ўз уставига мувофиқ шартномалар тузиш ва бошқа фуқаролик–ҳуқуқий битимларни амалга ошириш; грантлар ҳамда бепул бериладиган бошқа маблағларни олиш; маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатиш; кредит уюшмаси аъзолари молиявий мажбуриятларини бажармаганликлари ёки лозим даражада бажармаганликлари учун тўлайдиган неустойка миқдорини белгилаш; кредитларни белгиланган тартибда жалб этиш. Қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кредит уюшмаси бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.