КРИМИНОГЕН ДЕТЕРМИНАТ – лотинча «crimin» жиноят ва «determinans» тақозо этувчи (белгилович) деган маънони англатувчи сўзлар бирикмасидан иборат бўлиб жамиятда жиноятчиликнинг мавжуд бўлиши ва ўсишини таъминловчи воқеа, ҳодиса ва жараёнлардир. К.д.ларни криминологияда жамият ижтимоий ҳаётининг соҳалари бўйича иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий, ташкилий–бошқарув, ижтимоий–психологик каби гуруҳ омилларга ажратиб таҳлил қилинади. Қашшоқлик, очлик, ишсизлик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, аҳоли ижтимоий табақаланишининг чуқурлашиб бориши каби ижтимоий–иқтисодий, уруғ–аймоқчилик, маҳаллийчилик, ахлоқсизлик, беҳаёлик каби маънавий, тўрачилик, коррупция каби бошқарув соҳасидаги омиллар жамиятда жиноятчиликнинг, унинг алоҳида турларининг ўcишини тақозо этувчи асосий К.д. лардир. Жиноятчилик, унинг алоҳида турлари ҳам, айниқса жиноий олам қоидаларининг, одатларининг ва ҳаётининг тарғиб қилиниши К.д.лар ҳисобланади.