Yangi hujjatlar

КРИМИНОЛОГИК ПРОГНОЗ ҚИЛИШ

КРИМИНОЛОГИК ПРОГНОЗ ҚИЛИШ – жиноятчилик ва унинг детерминантларининг келгуси аҳволи (кўлами, тузилиши, динамикаси), профилактика ва маълум дав­рда жиноятчиликка таъсир кўрсатишнинг бошқа во­ситалари, имкониятлари ҳақида билдирилган тахминий фикр–мулоҳазалар. Криминологик прогноз қилишда қуйидагилардан фойдаланиш зарур: жиноятчиликка турғун ва жадал таъсир кўрса­тувчи ижтимоий жараёнларнинг ҳолати ва тенден­цияларини тавсифловчи олдинги 10 йилга тегишли бўлган статистик маълумотлар ва танлаб олинган тадқиқотларнинг натижаларидан; прогноз қилинаётган даврда бу жараёнларнинг ҳолатида содир бўлиши тахмин қилинаётган ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлардан; жиноятчиликнинг кўлами, тузилиши ва динамика­сини, шунингдек жиноятчиларнинг турлари ва контингентлари, ҳудудий тақсимланиши, тажовуз объ­ектлари, мотивация ва усулларини тавсифловчи олдинги 10 йилга тегишли бўлган статистик маълумотлар ва танлаб олинган тадқиқотларнинг натижаларидан; ўша даврда профилактика ва жиноят ҳуқуқий чо­раларни қўллаш амалиётининг ҳажмлари, тузилиши ва тенденцияларини тавсифловчи статистик маълу­мотлар ва танлаб олинган тадқиқотларнинг натижала­ридан; ўтган 10 йил мобайнида содир бўлган ва прогнз даврида содир бўлиши тахмин қилинаётган жиноятчи­ликка қарши курашни ҳуқуқий тартибга солиш, ташкил этиш ва ресурслар билан таъминлаш соҳасидаги ўзга­ришлар ва уларнинг жиноятчиликка таъсири ҳақидаги маълумотлардан; прогноз тайёрланган пайтдаги жамоатчилик фик­рининг ҳолати ва тенденциялари ҳақидаги (олдинги 1–3 йилги маълумотларга таққосланган) маълумотлар­дан; янги жиноят турлари, жиноий қилмишларнинг янги шакллари ва усуллари ҳақидаги маълумотлардан; минтақалараро ва давлатлараро хусусиятга эга бўлган жиноятлар ҳақидаги маълумотлардан; қўшни минтақалар ва давлатлардаги жиноятчилик ва унга қарши курашнинг аҳволи ва прогнозлари ҳақидаги ахборотлардан. Криминологик прогноз қилишнинг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат: жиноятчиликнинг истиқболдаги кўпайишини (ўз­гаришини) тавсифловчи кўрсаткичларни аниқлаш, бунинг асосида номақбул тенденциялар ва қонуниятларни аниқлаш, уларни зарур йўналишда ўз­гартириш усулларини топиш; истиқболли режаларни ишлаб чиқиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларни аниқлаш; асосий таркибий қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мақбул ривожланиш йўлини танлашдан иборат бўлган жиноятчиликка қарши курашнинг уму­мий концепциясини ишлаб чиқиш; жиноятчиликнинг аҳволи, кўлами, тузилиши ва динамикасида келгусида содир бўлиши мумкин бўлган ўзгаришларни аниқлаш; бу ўзгаришларнинг содир бўлишига ёрдам бе­рувчи ҳолатларни аниқлаш. Криминологик прогноз қилишнинг асосий босқичлари: прогноз қилишдан олдинги мўлжал олиш– мақсадлар, вазифалар, гипотезаларни аниқлаш ва ҳ.к.; жиноятчиликнинг ривожланиши ва унга қарши курашни белгиловчи жараёнлар ва ҳодисалар ҳақида маълумотлар тўплаш; қидирув прогнози – ҳал қилиниши лозим бўлган истиқболли муаммоларни аниқлашга таъсир этувчи жараёнлар ва омилларни ҳисобга олган ҳолда келгусида жиноятчиликнинг купайиши ёки камайиши вариант­ларини танлаб олиш; норматив прогноз–чоралар, кучлар ва ресурслар­нинг хусусияти, ҳажми, тузилишини белги­ловчи норматив хужжатларда асосланиб, аниқланган муаммоларни ҳал қилиш имконини берадиган восита­ларни танлаш; прогнозларнинг асосланганлигини баҳолаш; жиноятчиликка қарши кураш ва уни вужудга кел­тирувчи шарт–шароитларини бартараф қилиш бўйича қулай тавсиялар ишлаб чиқиш. 5.Криминологик прогноз қилишнинг уч асосий тури мавжуд: криминология фанининг ривожланишини прогноз қилиш, жиноятчиликни прогноз қилиш ва ин­дивидуал прогноз. Криминология фанининг ривожланишини прогноз қилиш криминологик тадқиқотларни прогноз қилиш ва криминология фанининг муайян йўналишларининг ри­вожланиш истиқболларини аниқлашни ўз ичига олади. Жиноятчиликни прогноз қилиш жиноятчиликнинг қуйидаги турларини прогноз қилишдан иборат: бир­ламчи ва такрорий жиноят; эркаклар ва аёллар жино­ятчилиги; жиноятларнинг алоҳида турлари ва туркум­лари; қишлоқ ва шаҳар жиноятчилиги; алоҳида минтақалар ва маъмурий–ҳудудий тузилмалардаги жино­ятчилик; халқ хўжалигининг алоҳида объектлари ва тармоқларидаги жиноятчилик. Индивидуал жиноий хулқ–атворни прогноз қилиш мустақил прогноз турини ташкил қилади. Индивидуал жиноий хулқ–атворни прогноз қилиш деганда у ёки бу шахс томонидан келгусида жиноят содир этилиши эҳ­тимолини аниқлаш тушунилади.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига