КРИМИНОЛОГИК ПРОГНОЗ ҚИЛИШ УСУЛЛАРИ – жиноятчиликни прогноз қилишда қўлланиладиган усуллар: экстраполяция қилиш; эксперт баҳолаш моделлаштириш. Экстраполяция – усулнинг мазмуни прогноз қилинаётган объектнинг тарихини ўрганиш ва унинг ўтмишдаги ва ҳозирги кундаги ривожланиш қонуниятларини келажакка ўтказишдан иборатдир. Бунинг учун прогноз қилинаётган даврдан олдинги маълум йиллар бўйича динамик қаторлар тузилади. Улар мазкур ўзгаришларнинг йўналиши, хусусияти ва суръатини ифода этади. Қаторлар абсолют рақамлар ва коэффициентлар асосида тузилади. Олинган даври қанча кам бўлса, экстраполяция қилинган прогнозларнинг аниқлик даражаси шунча юқори бўлади. Шунингдек маълум жиноят тури ўлчамларининг барқарорлиги даражаси ҳам катта аҳамиятга эга. Бунда латентликдан келиб чиққан ҳолда жиноятчиликнинг статистик ва реал манзараси ҳам ҳисобга олиниши шарт. Мазкур методнинг камчилиги шундаки, у фақат яқин келажакка (1–3 йил) нисбатан қониқарли натижалар беради. Прогноз қилинаётган давр ошиб боришига қараб баҳолашлардаги хатолар ҳам кўпайиб боради. Моделлаштириш – бу жиноятчиликка жиддий таъсир кўрсатувчи омилларнинг ўзаро таъсирини эътиборга олган ҳолда жиноятчиликнинг динамикасини тавсифлайдиган математик формулалар тизимини ишлаб чиқиш демакдир. Моделлаштириш жиноятчиликни прогноз қилиш методи сифатида объект ишининг замонда кузатилаётган қонуниятларини топишдан иборат бўлган моделли–кибернетик эксперимент ўтказишни назарда тутади. Мазкур методнинг афзаллиги шундаки, у прогноз қилинаётган ҳодисанинг майда ва аҳамиятсиз хусусиятларини бир чеккага қўйиб, бутун эътиборни ўрганилаётган объектнинг энг муҳим жиҳатларига қаратиш имконини беради. Ижтимоий жараёнларни ўрганишда модель кўпинча мантиқий шаклда ёки белгилар кўринишида ифода этилади. Математик моделлар айниқса кенг тарқалган. Эксперт баҳолаш иш стажи, малакаси, билим ва қизиқишлари доирасидан келиб чиқиб, махсус танлаб олинган илмий ва амалиёт ходимларнинг жиноятчиликнинг ёки унинг айрим турларининг бўлғуси параметрлари, шунингдек жиноятчиликнинг тенденцияларига жадал таъсир кўрсатувчи жараёнлар ва ҳодисалар ҳақидаги фикр–мулоҳазаларини умумлаштиришни ўз ичига олади. Ушбу усулнинг қиммати авваламбор шундаки, юқори малакали мутахассис прогноз қилинаётган ҳодиса ёки ҳолат ҳақида ҳукм чиқаришда фақат расмий маълумотлардан эмас, ўз тажрибаси ва интуициясидан ҳам келиб чиқади.