КЎЧМАС МУЛКНИ СОТИШ ШАРТНОМАСИ – олди–сотди шартномасининг ЎзР Фкда назарда тутилган махсус тури. Кўчмас мулкни олди–сотди шартномаси (кўчмас мулкни сотиш шартномаси)бўйича, сотувчи ер майдони, бино, иншоот, квартира ёки бошқа кўчмас мулкни харидорга мулк сифатида бериш мажбуриятини олади. К.м.с.ш. томонлар имзолаган битта хужжатни тузиш орқали ёзма шаклда тузилади. К.м.с.ш. шаклига риоя этмаслик унинг хақиқий бўлмаслигига олиб келади. Кўчмас мулкка эгалик (мулкчилик)ҳуқуқининг к.м.с.ш. харидорга ўтиши давлат томонидан қайд этилиши лозим. Бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулкни сотиш шартномасига асосан, харидорга бундай кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ билан бирга, ушбу кўчмас мулк эгалланган ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер майдонига бўлган ҳуқуқ ҳам берилади. Сотувчи– сотилаётган кўчмас мулк жойлашган ер майдонининг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи берилади ёхуд ижара ҳуқуқи ёки к.м.с.ш.да назарда тутилган бошқа ҳуқуқ берилади. Сотувчи мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлмаган ер майдонида жойлашган кўчмас мулкни ушбу участка мулкдорининг розилигисиз сотишга бу иш ушбу участкадан фойдаланишнинг қонунда ёки шартномада белгиланган шартларига зид келмаган тақдирдагина йўл қўйилади. Бундай кўчмас мулкни сотганда харидор кўчмас мулк сотувчиси тегишли участкадан қандай шартлар асосида фойдаланган бўлса, ана шундай шартлар асосида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. К.м.с.ш.да харидорга шартнома бўйича берилиши лозим бўлган кўчмас мулкнинг аниқ белгилашга имкон берувчи маълумотлар, жумладан, кўчмас мулкнинг тегишли ер майдонида ёхуд бошқа кўчмас мулк таркибида жойлашишини белгиловчи маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Шартномада бундай маълумотлар бўлмаган тақдирда берилиши лозим бўлган кўчмас мулк ҳақидаги шартни томонлар келишмаган деб, тегишли шартнома эса тузилмаган деб ҳисобланади. Уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг қисмининг сотиш шартномасининг муҳим шартини қонунга биноан ушбу турар–жойни харидор сотиб олганидан кейин ҳам бу турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладиган шахсларнинг сотилаётган турар–жойдан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган рўйхати ташкил этади. Уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг қисмини сотиш шартномаси давлат томонидан қайд этилиши керак ва ана шундай қайд этиш пайтидан бошлаб тузилган ҳисобланади.