КЎПФУҚАРОЛИК – шахснинг тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган икки ёки ундан ортиқ давлат фуқаролигига мансублиги (қўш фуқаролилик, бипатризм). Туғилганда ҳам, шахснинг бошқа давлат фуқаролигига қабул қилиниши натижасида ҳам (агар у бунда ўзининг олдинги фуқаролигини йўқотмаган бўлса) юзага келиши мумкин. К.ф.ка йўл қўйилиши ва унинг оқибатлари тўғрисидаги масала турли мамлакатларнинг Конст.вий ҳуқуқида ҳар хил ҳал қилинади. Мас., ЎзР Конст.нинг 21–моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади. Россия Федерацияси Конст.си (61-моддаси биринчи банди)га мувофиқ эса, Россия Федерацияси фуқароси федерал қонунга ёки РФнинг халқаро шартномасига мувофиқ чет давлат фуқаролигига (қўш фуқароликка) эга бўлиши мумкин. Айрим давлатлар (Мас., Руминия) Конст.сида кўпфуқароликка йўл қўйилгани ҳолда, олий давлат лавозимларини фақат шу давлатнинг фуқароси бўлган шахслар эгаллаши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Баъзи давлатларда (Мас., Литвада) кўпфуқаролик Конст.да умумий қоида тариқасида тақиқланган, аммо қонунда белгиланган айрим ҳолларда унга рухсат этилади. Ниҳоят, айрим Конст.ларда бошқа давлат фуқаролигига мансуб шахслар ушбу давлат фуқароси бўла олмаслиги бевосита қайд этилади (Қирғизистон).