КЎРСАТУВ – суриштирув, дастлабки тергов ва судда ҳал қилинаётган ишга оид бирор аҳамиятли ҳолатни аниқлаш учун шахснинг сўроқда берган тушунтириши. К. ишдаги фактик маълумотларни изоҳлаш, таҳлил қилиш, бирор воқеага ва унинг иштирокчиларига алоқадор фикр–мулоҳаза, важ, тахмин ва илтимос тарзида ҳам бўлиши мумкин. Фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича судда тарафлар, учинчи шахслар, уларнинт қонуний вакиллари ва гувоҳлар, жиноят ишлари бўйича эса – гумон остидаги шахс, айбланувчи, судланувчи, гувоҳ ва жабрланувчи, баъзан эксперт сўроқ қилинади. Сўроқда қонун талабларига қатъий риоя қилиниши шарт. Жисмоний ёки руҳий қийнаш, қўрқитиш, алдаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ғайрақонуний чеклаш йўли билан К. олишга жиноят сифатида қаралади ва бунинг учун жазо белгиланган (ЖК, 235–м.). Бу йўл билан олинган К. далил ҳисобланмайди. Тараф, учинчи шахс, уларнинг қонуний вакиллари даъвони қувватлаш ёки инкор этиш учун К. беради. Гумон остидаги шахс, айбланувчи ва судланувчининг К.и уларга эълон қилинган гумон ёки айбга оид бўлади. К. бериш уларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш воситасидир. Шу боис улар К. беришдан бош тортгани ёки билатуриб ёлғон К. бергани учун жавобгар қилинмайди, аммо сўроққа чақирилганда келишга мажбур, акс ҳолда милиция орқали келтирилади. Айбга иқрорлик мазмунидаги К.синчковлик б–н текширилиши лозим ва фақат тўпланган бошқа далиллар б–н тасдиқланса инобатга олинади. Айбдорга иқрорлик ва қилмишидан сидқидилдан пушаймонликни суд жазо тайинлашда эътиборга олиши шарт. Бундай шахс билан жабрланувчи ярашса, баъзи жиноятлари учун жавобгарликдан озод этилиши мумкин (ЖК 661–м.).
Гувоҳ ва жабрланувчининг К. бериши – фуқаролик бурчи ҳисобланади. Шу боис улар ўзларига маълум бўлган иш учун ахамиятли ҳолатлар ҳақида К. беришдан бош тортса ёки била туриб ёлғон К. берса, қонунга биноан жавобгарликка тортилади. Жисмонийи ёки руҳий нуқсонлари сабабли воқеани, идрок қилишга ва у ҳақида К. беришга лаёқатсиз шахс, шунингдек судда вакил ёки ҳимоячи бўлиб қатнашган шахс гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас. Жиноят иши бўйича гумон остидаги шахс ёки айбланувчининг яқин қариндошлари фақат ўз розилиги б–н гувоҳ ёки жабрланувчи тарзида сўроқ қилиниши ва К. бериши мумкин. Эксперт ўз хулосасидаги айрим нуқсонли, зид ёҳуд ноаниқ жумла ва иборалар ҳақида К. бериши мумкин. Барча К.ларга ишдаги далилларга қиёсланган ҳолда баҳо берилади.