ЛАТЕНТ ЖИНОЯТЧИЛИК (лотинча – яширин) – қонунга биноан, содир этилган жиноятларни тергов қилиш ёки кўриб чиқиш ҳуқуқи берилган органлардан яширилган, ушбу органлар аниқламаган ва жиноий жазога тортилиши керак бўлган қилмишлар рўйхатида акс этмаган, яъни қайд этилмаган жиноятлар Расмий рўйхатга олинган ва олинмаган жиноятларнинг жами «ҳақиқий жиноятчилик» деб аталади. Содир этилган жиноятларнинг ҳақиқий сони одатда «қора сон» деб, аниқланган жиноятлар сонини эса «аниқ сон» деб аталади. Хориж криминологиясида «қоронғу сон» муаммоси анча вақтдан бери махсус тадқиқот мавзуини ташкил этади. Криминология бўйича янги адабиётда латент жиноятларнинг бир неча гуруҳи ажратилади: табиий латентлик, чегаравий вазиятлар ва сунъий латентлик. Биринчи гуруҳни муассасалар, ташкилотларнинг вакиллари ёки айрим шахслар учун номаълум бўлган жиноятлар ташкил этади. Иккинчи гуруҳга жиноят факти аниқланадиган, аммо турли сабабларга кўра уни аниқлаган шахс узоқ вақт давомида уни жиноят сифатида англамайдиган жиноятлар киради. Учинчи гуруҳ латент жиноятларни мансабдор шахслар қонунни бузган ҳолда жиноят деб тан олмаган, шу боис қайд этилмаган ва яширилган жиноятлар ташкил этади. Қандайдир даражада мазкур жиноятларга мос келадиган бошқа гуруҳлар ҳам ажратилади, Мас., милиция (ҳуқуқни муҳофаза қилиш) органларига умуман маълум бўлмаган жиноятлар; жиноятнинг ўзи аниқланган, аммо уни содир этган жиноятчи аниқланмаган жиноятлар (очилмаган жиноятлар); аниқланган, лекин процессуал сабабларга кўра айблов акти ёхуд ҳукм чиқарилмаган жиноятлар; ҳукм чиқарилган ва қонуний кучга кирган, бироқ у ёки бу сабабларга кўра статистикада ҳисобга олинмаган жиноятлар. Латент жиноятлар турлича таснифланиши мумкин.
Латент (яширин) жиноятлар – жиноят ишларини олиб борувчи, тергов қилувчи давлат идораларига жиноят тўғрисида хабар келмаслиги ва аниқланмай қолиши. Л. ж. криминология ва жиноят ҳуқуқида алоҳида бир ҳуқуқий тушунча сифатида ўрганилади.