ЛИЦЕНЗИЯ – лицензияловчи орган томонидан юридик ёки жисмоний шахсга берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этилгани ҳолда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ). Лицензиялар намунавий (оддий) ва якка тартибдаги бўлиши мумкин. Намунавий (оддий) лицензиялар жумласига чекланмаган доирадаги юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган лицензиялар киради, агар ушбу шахслар тегишли фаолият турини амалга оширишга нисбатан қўйиладиган ягона шартлар ва талабларга жавоб берсалар. Якка тартибдаги лицензиялар жумласига юридик ва жисмоний шахсларга алоҳида талаблар ва шартлар асосида бериладиган, лицензиатларга фаолиятнинг мазкур турини амалга оширишда мутлақ ҳуқуқлар берувчи, миқдорий чекланган лицензиялар киради. Якка тартибдаги лицензиялар амал қилиш ҳудуди, фаолият объекти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган бошқа асосларга кўра миқдорий чекланади. Якка тартибдаги лицензияларни бериш, қоида тариқасида, танлов (тендер) асосида амалга оширилади. Якка тартибдаги лицензияларни бериш тартиби ва шартлари, шу жумладан танловларни (тендерларни) ўтказиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Лицензия ҳар бир лицензияланадиган фаолият тури учун алоҳида берилади. Лицензия даъвогарининг аризасига мувофиқ лицензия лицензияланаётган фаолият турининг бир қисмига (қисмларига) берилиши мумкин. Амалга оширилиши учун лицензия олинган фаолият тури фақат лицензияни олган юридик ёки жисмоний шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади. Амалга оширилиши учун лицензия берилган фаолият, агар лицензия талаблари ва шартларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилиши мумкин.